Япония иқтисодиёти 2018 йил охиридан бери биринчи марта ресессияга кирди

Япония статистика хизмати маълумотларига кўра, Япония иқтисодиёти 2023 йилнинг тўртинчи чорагида рецессияга кирган, бу 2018 йил охиридан бери биринчи марта содир бўлди.

Мавсумийликни ҳисобга олган ҳолда реал ЯИМнинг пасайиши октабрь-декабрда чораклик ҳисобда 0,1 фоизни, июль-сентябрда эса 0,8 фоизни ташкил этган.

Шундай қилиб, мамлакат рецессияга кирган – 2018 йилнинг учинчи ва тўртинчи чорагидан бери биринчи маротаба. Шунингдек, Япония иқтисодиётида рецессия даврлари 2001, 2008-2009 ва 2012 йилларда қайд этилганди.

Техник рецессия – бу ялпи ички маҳсулотнинг икки чорак кетма-кет пасайишидир. Бу кўпинча аҳоли ва давлат томонидан истеъмолнинг қисқариши ва бунинг натижасида сотувлар ва турдош тармоқларда ишчи кучига бўлган талабнинг камайиши туфайли юзага келади.

Шунингдек, 2023 йил охирида Япония дунёнинг учинчи йирик иқтисодиёти сифатида Германияга ўз ўрнини бўшатиб берди: унинг номинал ЯИМи доллар ҳисобида 4,21 триллионни, Германияники эса 4,46 триллионни ташкил этган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.