Украина 2 кун ичида Россия нефтни қайта ишлаш саноатининг 12 фоизини таъминловчи заводларни ишдан чиқарди

взрыв рязань
Фото: Рамблер

Сўнгги икки кун ичида Украина дронлари ҳужумига учраган учта йирик нефть заводларига Россия нефтни қайта ишлаш қувватларининг қарийб 12 фоизи тўғри келади, деб ёзади Bloomberg.

Қайд этилишича, 13 март куни эрталаб зарбалар берилган Рязань Нефтни қайта ишлаш заводи йилига 17,1 миллион тонна нефть ишлаб чиқаради ва Москвага яқин ҳудудлар учун асосий мотор ёнилғиси етказиб берувчи ҳисобланади. Ёнғин туфайли, завод иккита асосий қайта ишлаш қурилмаларини тўхтатиб қўйишга мажбур бўлган.

Бундан ташқари, кун давомида учта учувчисиз учар қурилма Ростов вилоятидаги Новошахта нефть маҳсулотлари заводини нишонга олди, натижада корхона ўз ишини тўхтатди. Ушбу завод қуввати йилига 5,6 миллион тоннага тенг.

12 март куни эса Нижний Новгород яқинидаги Кстово шаҳрида “Лукойл”га тегишли нефть заводи ҳам дронлар зарбасидан зарар кўрганди.

Бундан ташқари, Ленинград вилояти губернатори Болтиқ денгизи бўйида жойлашган Кириши шаҳридаги КИНEФ нефтни қайта ишлаш заводига ҳам бир неча марта дронлар ҳужум қилгани, аммо улар уриб туширилганини маълум қилган. У экспорт учун ёнилғи ишлаб чиқаришга ихтисослашган бўлиб, Ишида узилишлар юз берса, жаҳон дизель ёнилғиси бозори учун оқибатлари бўлади, дейилади мақолада.

Украина Россия энергетика объектларига ҳужум қилаётгани сабабларини тушунтириб берар экан, Bloomberg қайд этишича, айни пайтда шарқий фронтдаги вазият Россия фойдасига ҳал бўлмоқда, Киев эса Россиянинг нефть экспорти, шунингдек, унинг ўз армиясига ёнилғи юбориш қобилиятига путур етказишга уринмоқда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.