Қозоғистонлик журналист Думан Мухаммедкарим совуқ билан қийнаш ҳақида гапириб берди
Экстремизмни молиялашда айбланаётган қозоғистонлик журналист Думан Мухаммедкарим тергов изоляторидан суд мажлисига боришда ва қайтишда совуқ билан қийнашлар ҳақида гапирди. Эркак норозилик белгиси сифатида ўзига мих билан жароҳат етказган, дейди журналистнинг ҳимоячиси Галим Нурпеисов “Власть” нашрига.
Адвокатнинг сўзларига кўра, ўтган шанба, 24 февраль куни унинг ҳимояси остидаги шахснинг иши бўйича суд мажлиси Конаев шаҳар судида бўлиб ўтган. Мухаммедкарим у ерга Толдиқўрғон тергов изоляторидан иситилмайдиган “автозак”да олиб кетилган – шаҳарлар орасидаги масофа 188 км.
Суд мажлиси аввалида журналист уни февраль дашти бўйлаб олиб юрмаслик учун Конаевда қолдиришни сўраган. Бироқ маҳкамадан сўнг қўриқчилар уни зўрлик билан “автозак”ка судраб олиб бориб, қўлига кишан солиб, люкни очиқ ҳолда орқага ҳайдаб кетишган.
Адвокат Галим Нурпеисовнинг таъкидлашича, айбланувчига нисбатан бундай муомала қийноқ сифатида баҳоланади.
Думан Мухаммедкарим қамоқхона ходимларининг хўрликларига ва ёпиқ суд жараёнига қарши норозилик белгиси сифатида “автозак”дан топилган мих билан ўзини жароҳатлаган.
“Ўриндиқда мих бор эди ва қандайдир тарзда бу тартибсизликка эътиборни жалб қилиш учун у қўлини тешишни бошлади”, – дея иқтибос келтиради “Власть” адвокатнинг сўзларидан.
Назорат органлари ҳозирда журналистнинг шафқатсиз муносабат ҳақидаги даъвосини текширмоқда. Унинг ишини кўриб чиқиш 29 февралга қадар тўхтатилди.
Шарҳлар