РФ Тергов қўмитаси “Крокус” иши бўйича яна бир гумондор борлиги ҳақида маълум қилди

“Крокус сити холл”даги терактга алоқадор яна бир гумондор қўлга олинди, деяхабар беради Россия Тергов қўмитаси.

“Терроризмни молиялаштириш схемасига алоқадор бўлган яна бир гумондор аниқланиб, қўлга олинди. Тергов судга унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини танлашни илтимос қилади”, — дейилади Тергов қўмитасининг пресс-релизида.

Қайд этилишича, тергов гўёки “террорчиликда айбдорлар Украинадан жиноятга тайёргарлик кўришда фойдаланилган катта миқдордаги пул ва криптовалюта олган”и ҳақидаги маълумотларни тасдиқлаган.

Россия расмийлари – президент, ФХХ директори ва Россия Хавфсизлик кенгаши котиби сўнгги кунларда “Крокус Сити Холл”га уюштирилган ҳужумга Украинанинг алоқадорлиги ҳақидаги версияни ривожлантиришди. Украина расмийлари бу баёнотларни мутлақо ёлғон деб атади. Бу ҳақда ВВС хабар беради.

Ҳозирда Тергов қўмитаси “ушланганлар билан ишланиб”, улардан олинган техник воситалар кўздан кечирилганидан сўнг, “уларнинг Украина миллатчилари билан алоқаси борлиги тўғрисида далиллар олинган”ини таъкидламоқда. Пресс-релизда “Украина миллатчилари” деганда ким назарда тутилганига аниқлик киритилмаган.

Баёнотда таъкидланганидек, Тергов қўмитаси раҳбари Александр Бастрикин тезкор йиғилиш ўтказди ва “Крокус Сити Холл”даги теракт бўйича жиноий иш бўйича тергов жараёнининг бориши бўйича тергов гуруҳининг ҳисоботини тинглади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.