Тбилисида “хорижий агентлар” тўғрисидаги қонун лойиҳасига қарши бўлган тўрт нафар шахсга ҳужум қилинди

Коллаж: Jam News

8 май оқшомида Тбилисида “хорижий агентлар” ҳақидаги қонун лойиҳасининг тўрт нафар мухолифига ҳужум уюштирилди. Бирлашган миллий ҳаракат аъзоси Дмитрий Чиковани Pirveli телеканалига уйи ёнида ҳужумга учраганини айтган.

“Бу режим интиҳоси, бу интиҳо. Улар бизни қўрқита олмайди… Ақл бовар қилмайди. “Грузия орзуси” ниҳоясига етади. Бу мамлакатда ҳеч қачон рус режими бўлмайди”, – деди Чиковани Pirveli телеканалидаги суҳбат чоғида.

Фаол Лаша Гвинианидзе кўчада калтакланган. “Бу менинг фаолиятим билан боғлиқ… Бугун 72 ёшли отамга қўнғироқ қилиб, таҳдид қилишди, кечки пайт улар телефон орқали ҳазил бўлади деб ўйлаган дўқ-пўписани амалга оширишди”, — деди фаол Pirveli телеканалига. Гвинианидзе 11 май куни Тбилисида ўтказилиши режалаштирилган марш ташкилотчиларидан бири ҳисобланади.

Халқаро алоқалар бўйича мутахассис Гиа Жапаридзе ўз уйи олдида калтакланган. “Мен икки, балки уч ёки ундан ортиқ ҳужумчини аниқ эслайман. Улар мени уй ёнида кутиб олишди, калтаклай бошлашди, қандайдир таёқ билан уришди – мен нега Россия қонунига қарши эканлигимни айтишди”, – дейди Жапаридзе ҳам Pirveli телеканалига.

Transparency International Georgia ижрочи директори ўринбосари Гиорги Ониани уйида ҳужумга учради. “Улар жиноятчиларни ташкил қилган, 14 ёшли болам уйда эди… улар уни қўрқитишди “, – дейди Ониани Mtavari Arkhi телеканалига.

Расмийлар ҳужумга изоҳ бермади.

11 май куни Тбилисида “хорижий агентлар” тўғрисидаги қонун лойиҳасига қарши яна бир кенг кўламли митинг ўтказилиши режалаштирилган. Оммавий норозилик намойишлари 15 апрелдан бери давом этмоқда.

 

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.