Чемпионлар лигаси ярим финалчилари номи маълум бўлди. “Реал” ўтган йилги мағлубият учун “Сити”дан қасос олди, “Барселона” эса “ПСЖ”дан ўта олмади

Фото: Твиттер Лиги Чемпионов

17 апрелдан 18 апрелга ўтар кечаси Чемпионлар лигасининг 2023/2024 йилги мавсуми чорак финалининг жавоб ўйинлари бўлиб ўтди.

“Барселона” учрашув бошида гол урди, бироқ ҳимоячи Роналд Араухо майдондан четлатилгач, каталонияликлар парижликлардан Усмон Дембеле, Витор Феррейра ва Килиан Мбаппедан (иккита) 4 та гол ўтказиб юборган. Икки учрашув якунига кўра, 4:6 ҳисоби ПСЖ фойдасига ҳал бўлган ва бу уларга турнирнинг кейинги босқичига йўл олиш имконини берган.

Дортмунднинг “Боруссия” клуби “Атлетико”ни умумий 5:4 ҳисобида мағлуб этган. Шу тариқа, энди ярим финалда “Боруссия” ва “ПСЖ” ўйнайди.

“Реал” ва “Манчестер Сити” асосий вақтда дуранг ўйнаган (1:1). Мадридликлар сафида Родриго, “Сити” сафида эса Кевин Де Брюйне гол уришга муваффақ бўлган. Испания клуби пеналтилар сериясида (4:3) кучлироқ бўлиб чиққан. “Қаймоқлилар” дарвозабони Лунин иккита пеналтини қайтарган.

“Бавария” ва “Арсенал” ўртасидаги жавоб ўйинида немислар битта жавобсиз тўп киритиб, “Реал” билан ярим финалда ўйнашга йўл олган.

Ярим финал ўйинлари 2024 йилнинг 30 апрель ва 7 май кунлари бўлиб ўтади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.