Жанубий Африка Республикаси Путин ташриф буюрган тақдирда унинг хавфсизлигини таъминлай олмайди
Халқаро жиноят суди (ХЖС) томонидан Россия президенти Владимир Путинни қўлга олиш учун ордер берилгани туфайли, Жанубий Африка Республикаси (ЖАР) ҳукумати унинг республикага сафари хавфсизлигини таъминлай олмайди. Бу ҳақда ЖАРнинг Россиядаги элчиси Мзувукиле Жефф Макетука “ТАСС”га берган интервьюсида маълум қилди.
Дипломат қайд этишича, ЖАР ХЖСга аъзо бўлиб қолар экан, Россия президентининг Жанубий Африкага келиши эҳтимоли камдир. “Ҳа, вазият шунақа. Шундай экан, бу гаплар тўғри”, — деди Макетука.
“Биз битта одамнинг манфаати учун ўз қонунчилигимизни ўзгартиролмаймиз, менимча буни тушуниш муҳим. Эсингизда бўлса, 2023 йил августида Жанубий Африка расмий баёнот эълон қилиб, биринчидан, биз ХЖСга аъзолик бўйича ўз мажбуриятларимизни тушунишимизни айтгандик, ва бу ерда ҳеч қандай чалкашлик бўлмаслиги керак, — деди у. — Биз Рим статутини имзолаган томон ҳисобланамиз ва Жанубий Африка, агар қандайдир жиддий нарса юз бермаса, Рим статутидан чиқиши эҳтимоли жуда кам. Айни пайтда бунинг учун асос йўқ”.
Унинг эслатишича, Санкт-Петербургга Африка тинчлик ташаббуси делегацияси келганида, Россия—Африка саммити доирасида ЖАР бу масалада Россия билан музокаралар олиб борган ва икки президент ўртасида Путин Жанубий Африка бормаслиги ҳақида келишувга эришилган.
“Жанубий Африка томонидан ўз қонунчилик жараёнларининг ўзгартирилиши масаласига келсак, шуни таъкидлаш жоизки, Жанубий Африка — бу демократия, жуда ғайратли ва қатъий демократия, у ерда қонунлар ратификатсияси жуда қатъий жараёнлар воситасида амалга оширилади”, — деди у.
Шарҳлар