Жанубий Кореядан бошпана сўраётган россияликлар сони рекорд кўрсаткичга етди

Фото: Аргументы и Факты

Ўтган йил давомида рекорд миқдордаги россияликлар Жанубий Кореядан сиёсий бошпана сўраган, деб ёзади CNN Корея иммиграция хизматининг ҳисоботига таяниб.

Ҳужжатга кўра, 2023 йилда Жанубий Кореядан сиёсий бошпана сўраган 5750 нафар россиялик рўйхатга олинган.

Бу бир йил аввалги, яъни 1038 нафар россиялик Жанубий Кореядан бошпана сўраган вақтдан беш баравар кўп ва 1994 йилдан 2019 йилгача россияликлар томонидан берилган бундай аризаларнинг умумий сонидан ортиқ, дея қайд этади CNN.

Умуман олганда, 2023 йилда 18 838 киши Жанубий Кореядан бошпана сўраган, уларнинг орасида россияликлар кўпчиликни ташкил қилган. Улардан кейин Қозоғистон (2 094 та сўров), Хитой (1 282), Малайзия (1 205), Ҳиндистон (1 189), Мўғулистон (836) ва Туркия (564) фуқаролари келмоқда.

Мамлакат иммиграция хизмати маълумотларига кўра, ўтган йили Жанубий Кореядан бошпана сўраб мурожаат қилганлар сони саккиз йил ичида энг юқори кўрсаткич бўлган.

Жанубий Кореяда қатъий иммиграция қонунлари, жумладан, бошпана билан боғлиқ қонунлар мавжуд. Мамлакат Адлия вазирлигининг маълумотларига кўра, 1994 йилдан 2023 йил охиригача 103 760 киши қочқин мақомини сўраб мурожаат қилган ва улардан атиги 4 052 нафари бу мақомни олган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.