Ўзбекистон вакиллари “Интервидение-2014” танловида қатнашиши мумкин

Ўзбекистон вакиллари “Интервидение-2014” танловида қатнашиши мумкин

Ўзбекистон вакиллари шу йил октябрь ойида Россиянинг Сочи шаҳрида бўлиб ўтадиган “Интервидение-2014” мусиқий танловида қатнашиши мумкин. Маълумотларга кўра, Ўзбекистон ўзининг иштирокини тасдиқлаган, бироқ бу борада ҳозирча расмий хабар йўқ.

Танлов иштирокчилари орасида Россия, Хитой, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон вакиллари борлиги қайд этилади. Кейинчалик унга яна 12 та мамлакат – Арманистон, Озарбайжон, Белоруссия, Грузия, Латвия, Литва, Молдавия, Корея Республикаси, Туркманистон, Украина, Эстония ва Япония қўшилиши режалаштирилмоқда.

Қайд этиб ўтамиз, «Интервидение» – бу 1977 йили ташкил этилган қўшиқлар танлови. У илк бор ўтказилганидан кейин яна 4 марта – 1978, 1979, 1980 йилларда ҳамда узоқ танаффусдан сўнг 2008 йилда ўтказилган. 2014 йилда “Интервидение”ни 5-марта ўтказишга ва бу билан уни “Евровидение”га муқобил танлов сифатида тиклашга қарор қилинди. Охирги бор ўтказилган “Интервидение” танловида тожикистонлик хонанда ғолиб чиққан эди.

Агар танлов ҳақиқатан ҳам ўтказилса ва унда мамлакатимиз қатнашадиган бўлса, Ўзбекистонни ким тақдим этиши ҳозирча номаълум.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.