Ўзбекистон FIFA рейтингида етти поғона пастлади

Ўзбекистон FIFA рейтингида етти поғона пастлади

Халқаро футбол уюшмалари федерацияси – ФИФА миллий терма жамоаларнинг янги рейтингини эълон қилди. Унга кўра, Ўзбекистон миллий терма жамоаси аввалги ойда эгаллаган ўриндан 7 поғона пастлади ва 58-ўринни эгаллади, дея хабар беради Ўзбекистон Футбол федерациясининг матбуот хизмати.

Шу билан бирга Ўзбекистон жамоаси Осиё миқёсида учинчи ўринда бормоқда, яъни Эрон (44) ва Япония (48)дан кейинги ўринни эгаллаб турибди.

Қайд этиш жоиз, Ўзбекистон миллий терма жамоаси Осиё Кубоги-2015 финал босқичи «В» гуруҳидаги рақиблари орасида пешқадам бўлиб турибди. Гуруҳда Ўзбекистон (58) ва Саудия Арабистонидан (жаҳонда 82) ташқари Хитой (жаҳонда 97) ва КХДР (жаҳонда 150) терма жамоалари ўрин олган.

МДҲ, Грузия ва Болтиқбўйи мамлакатлари орасида Ўзбекистон миллий терма жамоаси Россия (жаҳонда 23-ўрин), Украина (24) ва Арманистон (52)дан сўнг тўртинчи ўринни банд этган.

Жаҳон рейтингида эса амалдаги жаҳон чемпиони – Германия пешқадам бўлиб турибди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.