Олий суд пленуми мажлисида Фуқаролик-процессуал кодексига киритилажак ўзгариш ва қўшимчалар муҳокама қилинди

Олий суд пленуми мажлисида Фуқаролик-процессуал кодексига киритилажак ўзгариш ва қўшимчалар муҳокама қилинди

Ўзбекистон Республикаси Олий суди пленумининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда Олий суд судьялари, вилоят ва унга тенглаштирилган судлар раислари ҳамда фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судлар судьялари иштирок этди. 

Пленум мажлисида “Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик-процессуал кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ва уни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига киритиш масаласи муҳокама этилди. 

Қонун лойиҳасида Фуқаролик-процессуал кодексининг 93, 94, 131, 331, 368-моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш таклиф этилмоқда. Жумладан, Фуқаролик-процессуал кодексининг 93-моддасини суд топшириқлари юборилганда суднинг иш юритишни тўхтатиб туриш ҳуқуқини назарда тутувчи 6-банд билан, 94-моддасини суд топшириғини ижро этиш бўйича ҳаракатлар тугагунга қадар иш юритишни назарда тутувчи 9-банд билан, 131-моддасига ўта мураккаб фуқаролик ишларини судда кўришнинг муддатини икки ойга қадар узайтиришни белгиловчи норма билан тўлдириш ҳақида таклиф киритилган. 

Муҳокама этилган қонун лойиҳасида Фуқаролик-процессуал кодексининг 331-моддасига аппеляция инстанциясида иш кўриш муддатини бир ой қилиб белгилаш юзасидан ўзгартиш киритиш, 368-моддасига эса, ҳал қилув қарори, ажрим ёки қарорни янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш ҳақидаги аризани қаноатлантириш тўғрисида суднинг чиқарган ажрими устидан хусусий шикоят берилиши ёки хусусий протест келтирилиши мумкинлигини белгиловчи ўзгартиш ва қўшимчаларни киритиш таклиф этилган. 

Амалдаги Фуқаролик-процессуал кодексига мазкур ўзгартиш ва қўшимчаларнинг киритилиши суд ишларини юритишдаги айрим камчиликларни бартараф этиб, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини самарали ҳимоя қилишга хизмат қилади, дея қайд этади ЎзА.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.