Карантин номаълум муддатга узайтирилмоқда

Карантин номаълум муддатга узайтирилмоқда

Касаллик юқтирилишининг олдини олиш, ўлим ҳолатларини кескин камайтириш мақсадида мамлакат президенти Республика махсус комиссиясининг амалдаги карантин чекловларини узайтириш таклифига розилик билдирди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар беради. Шу билан бирга карантин чоралари узайтириладиган муддат маълум қилинмади.
 
«Аҳволи оғир беморлар сони кўпайиб бормоқда. Коронавирусга қўшимча равишда пневмония ҳолатлари ҳам кенг тарқалмоқда», – дея қайд этади давлат раҳбари.
 
“Халқаро ва маҳаллий тажрибани ҳисобга олиб, коронавирусни даволаш стратегияси ва тактикаси янгиланди”, – дейди Президент. Тиббиёт олий ўқув юртлари ва коллежлари профессор-ўқитувчилари, илмий ходимлар ва пенсияга чиққан мутахассислар орасидан жами 5 мингта врач ҳамда 9 мингта ҳамшира беморларни даволаш ва маслаҳат беришга жалб этилди.
 
Шавкат Мирзиёев коронавирус пандемияси шароитида аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ва ҳаётини асраш, юртимизда инфекцияни жиловлашда улкан жасорат ва фидойилик намуналарини кўрсатган бир гуруҳ тиббиёт, ички ишлар, мудофаа ва фавқулодда вазиятлар вазирликлари ҳамда Миллий гвардия ходимларини ва бошқа ташкилотчиларини фахрий унвон, орден ва медаллар билан мукофотлаш тўғрисидаги Фармонни имзолади.

Бизни Telegram каналида кузатиб боринг

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.