Комил Алламжонов ОАВ ва блогерларни ЛГБТ мавзусини ёритмасликка чақирди
Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоатчилик фонди васийлик кенгашининг раҳбари Комил Алламжонов ОАВ ва блогерларни ЛГБТ мавзусини ёритишни тўхтатишга чақирди.
«Бу масаланинг ҳадеб муҳокама қилиниши одамларнинг этини ўлдиради. Ўта ёқимсиз мавзуни оддий ҳолдек қабул қила бошлаймиз, бу кетишда. Аслида, бунақа гаплар одам эшитганда сесканадиган даражада кам қулоққа чалиниши керак. Оммавий муҳокама кимларнингдир (айниқса, руҳияти тўлиқ шаклланмаган ўсмир-ёшларнинг) беихтиёр қизиқишини оширади. Натижада, ушбу ярамас ҳолат жамият онгига киши билмас сингдирилади. Ақлни ишлатайлик, провокацияларга берилмайлик», – дейилади хабарда.
Фотосурат: fb.com/k.allamjonov
«Хорижий ташкилотлар Ўзбекистон ёки бошқа ҳар қандай давлатга бирор талаб қўйишдан олдин миллатнинг менталитети, дини, маданияти, урф-одатларини инобатга олиши керак», – деб ёзади у.
«Албатта, инсон ҳуқуқлари муҳим масала ва ҳар бир фуқаро юриш-туришидан қатьи назар, давлат ҳимоясида бўлади. Лекин асосий қисмини мусулмонлар ташкил этган бизнинг юртда ғайритабиий эркак ва аёлларни жамият қабул қилмайди! Муқаддас Ислом динимиз, маданиятимиз бунга йўл қўймайди».
«Аслида, бизники каби давлатларда бесоқолбозликка қарши қонунлар енгиллаштирилса ҳам жамият буни қабул қилмайди ва бу қуруқ қоғозда қолиб кетаверади», – қайд этади Комил Алламжонов.
«Чунки, жазо бекор қилиниб, бундай тоифалар бемалол кўча-кўйда ўзини кўрсата бошласа, “самосуд”лар кўпайиб кетиши мумкин. Расмий жазо белгиланмаган тақдирда ҳам, мусулмонлардан иборат жамият уларни барибир қўймайди. Ўз-ўзидан кичик бетартибликлар катта муаммоларни келтириб чиқаради».
Сўзининг якунида Комил Алламжонов ҳар қандай ноқонуний намойишлар ҳамда безориликни кескин қоралашини билдирди.
Эслатиб ўтамиз, 28 март куни соат тахминан 15:00 да Тошкент марказида ЛГБТ фаолларига қарши намойиш бўлиб ўтганди. Ижтимоий тармоқларда юз берган воқеанинг видеоёзувлари пайдо бўлди. Уларда бир неча ўнлаб эркакларнинг Форумлар саройи қаршисида йўлнинг ҳаракат қисмида юргани ва «Аллоҳу акбар!» деб такбир айтгани акс этган. ИИББ 12 киши ҳибсга олингани ҳақида хабар беради. Шунингдек, Интернетда тахминан йигит ва қизни уришга ҳаракат қилаётган одамлар акс этган видеоёзувлар тарқалди.
Шу куни блогер Миразиз Бозоров аниме (япон анимацияси) ва K-pop (корея поп-мусиқаси) ишқибозларини соат 15:00 ла Амир Темур хиёбонида йиғилишга чақирган. Шу куни тунда Миразиз Бозоровни калтаклашган.
Депутатларнинг ушбу тартибсизликларга муносабати
«Газета.uz» нашри депутатларнинг тартибсизликларга нисбатан муносабатини тўплади. «Aдолат» СДП фракцияси аъзоси Гулруҳ Aгзамова Европадан кириб келаётган «оммавий маданият» тарқалишининг олдини олиш учун маърифий ва маънавий чоралар кўрилаётганини таъкидлади.
«Сўнгги йилларда Европадан кириб келаётган „оммавий маданият“ ва унинг ёшлар ўртасида кенг тарқалаётгани тез-тез тилга олинар, менталитетимизга ёд бўлган бу каби ҳолатлар тан-жонимизга урчиб кетмаслиги учун маърифий-маънавий чоралар билан олдини олишга ҳаракат қилинарди. Энг эътиборлиси, ўзлигимизни сақлаш мақсадида ёшларнинг ўзи шахсий намуна ҳаракатини бошлади», — дейди у.
Фотосурат: adolat.uz
Депутат бир жинсли никоҳни қонунийлаштириш тарафдорларига «белингда белбоғинг борми?» дея мурожаат қилади.
Шунингдек, Гулруҳ Агзамова қонун барча учун баробарлигини айтиб ўтади: «Зеро, қонун ҳамма учун баробар. Ўз «ҳуқуқингни» деб, ўзгалар ҳуқуқига зиён етказдингми, беҳурмат қилдингми, албатта, қонун олдида жавоб берасан. Республикамизнинг асосий қомусидан бошлаб амалдаги барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда инсон ҳақ-ҳуқуқлари қонун билан ҳимояланган. Хусусан, сўз эркинлиги, ахборот олиш ва тарқатиш, намойишлар уюштиришлар ҳам норматив актларда ўз аксини топган. Лекин қонунларда белгиланган талаблар бузилса, тегишли моддаларга зид хатти-ҳаракатлар амалга оширилса, қонунбузарларга нисбатан қонуний чораларнинг кўрилиши муқаррардир».
«Яна бир масала. Aгар сиз, ғурури баланд замондошим, юқоридаги ҳолатларга „эркакчасига“ чора кўрмоқчи, яъни „самосуд“ орқали бу каби жирканчликка қарши курашмоқчи бўлсангиз, сиз ҳам қонун олдида жавобгарликни унутманг», — дейди Гулруҳ Aгзамова.
Ўзбекистон Халқ-демократик партияси (ХДП) фракциясининг аъзоси Шербек Бўронов ижтимоий тармоқларда ЛГБТ масаласининг кўтарилишини сунъий уюштирилган деб айтмоқда, “чунки шу ҳолатдан кейин пойтахтимизда бир гуруҳ ёшларнинг ноқонуний чиқишлари рўй берди”, – дейди у.
«Асл режа кимнингдир ҳуқуқ ва манфаатини ҳимоя қилиш эмас, балки ҳаётий позицияси, диний тафаккури шаклланиб улгурмаган ёшларнинг ҳиссиётларини жунбушга келтириш орқали уларни ноқонуний ҳаракатларга ундаш, мамлакатимиздаги ижтимоий барқарорликка путур етказишдан иборат бўлиши мумкин», – дея қайд этади депутат.
У “қонунларда тақиқланган, фуқароларнинг тинчлик-хотиржамлигига салбий таъсир қиладиган ҳаракатларга қарши” эканини билдиради.
«ЛГБТ масаласи қонунчилигимизга ҳам, халқимиз эъзозлайдиган қадриятларга ҳам, муқаддас динимизга ҳам зид нарса. Шахсан мен бу йўналишда қонунчиликдаги тақиқлар бекор қилинишига қаршиман. Энг аввало сайловчилармизнинг хоҳиш истакларидан келиб чиқиб бу позицияни илгари сурмоқдамиз», — қайд этади депутат.
Шунингдек, Шербек Бўронов фуқаролардан “бирон мавзуни муҳокама қилаётганда, ёки фикр, муносабат билдираётганда ҳаддан ортиқ ҳис-туйғуларга берилмасликларини” сўрайди.
28 март куни “Миллий тикланиш” партиясининг етакчиси, Қонунчилик палатасининг вице-спикери Алишер Қодиров Жиноят кодексининг 120-моддасини (“Бесоқолбозлик”) кучайтириш заруратини билдирганди.
«Модда бесоқолбозлик, ЛГБТ ғояларини ҳар қандай шаклда тарғиб қилишни таъқиқлаши керак. Албатта, жазо жуда юмшоқ. Бу модда санкциялари мажбурий даволаш, озодликдан маҳрум этиш, мамлакат фуқаролигини бекор қилиш, мамлакатдан бадарға қилишгача кўзда тутиши керак», — деб ёзади партия етакчиси.
«Террорчилардек ғурурсизларнинг ҳам миллати бўлмайди! СИЗЛАРНИ РАД ЭТАМИЗ! Ўзбекистон сиздеклар яшай олмайдиган юрт бўлиши учун ҳамма нарсани қиламиз», — деб ёзади парламент қуйи палатасининг вице-спикери.
Шарҳлар