«Стрейзанд эффекти»: Daryo фотомухбирининг ўчириб ташланган суратлари қандай қилиб тармоқда тарқалгани ҳақида

Daryo.uz фотомухбири Мадина Нурман Бухоро шаҳрига хизмат сафари чоғида бош вазир ўринбосари Шуҳрат Ғаниев ва қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Хўжаев акс этган икки фотосуратни 23 январ куни ўз Telegram-каналида эълон қилди ва кўп ўтмай, расмни ўчиришга мажбур бўлганини билдирди, ёзади “Kun.uz” нашри.


 
«Расмлар ўчди, афсуски, Шуҳрат Ғаниевнинг ёнидаги вазир бошқа олинмайди расмга канал муаллифи томонидан. Интернетдан оламиз хабарларимизга керак бўлиб қолсалар. Минг бор узр!», – деб ёзади Мадина Нурман.
 
Шундан сўнг Ўзбекистондаги кўплаб блогерлар фотомухбирга босим бўлган деган тахминда бу суратларни ўз каналларига пост қилиб қўйиб, улаша бошлади.
 
Таниқли ҳуқуқшунос, блогер Хушнудбек Худойбердиев суратдаги иккала амалдор ҳам президентнинг Бухорога ташрифи вақтида давлат раҳбаридан огоҳлантириш олганига эътибор қаратди. «Нима учундир ушбу суратлар Мадина Нурман каналидан ўчиртирилибди, ўшанчун атайин ўзимга жойлаб қўйдим», – дейди у.
 
Блогер Шаҳноза Соатова бу каби ҳаракатлар тескари таъсир кўрсатишини таъкидлайди.

«Ўчиртирилган ҳар постки бор, резонанс беради. Ҳаётда ҳамма нарса бўлади, бир қарасанг машҳур блогерлар мақтайди, бир қарасанг катта раҳбардан танбеҳ эшитасан. Ижтимоий тармоқда акс этаверади бари. Лекин ўчиртириш… Унақа тоқатсиз бўлманглар, мана нима бўлади бунинг охири – эшитмаганлар эшитиб, билмаганлар билади… қўлёзмалар ёнмайди», – деб ёзади у.

Фотолар турли каналларда айлана бошлагач, Мадина Нурман барчага ўз ташаккурини билдириб, яна бир пост жойлади. Унда, фотограф, жумладан шундай дейди: «Илтимос, матбуот котиблари, ўз устингизда ишланг, ОАВ вакилига ҳар битта етказиб бораётган гапингиз қандай эффект беришини ўйланг, раҳбарларингизга тушунтиринг, хорижий нашрлар, халқаро сайтларни кўпроқ кузатинг, ўқинг, замон қандай эканини, медиа оламига қандай талаблар қўяётганини билинг, орқада қолиб кетманг. Ўчиртириш осон, лекин айтилган гап – отилган ўқ. Уни қайтариб бўлмайди, афсуски. Буёғи Стрейзанд эффектига айланиб кетишини ўйланг».
 
Тез орада қишлоқ хўжалик вазири Жамшид Хўжаев ўзининг Facebook тармоғидаги саҳифасида Мадина Нурманнинг ўчириб ташланган фотосуратларини чоп этди. У тушунмовчилик юз берганини айтади. 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.