,

Тошкент ҳавосидаги ифлосланиш даражаси яхшиланишидан дарак бўлмаяпти

Фото: Газета.uz

2023 йил ҳам якунига етиб бораяпти, лекин Тошкент шаҳри ҳавосидаги ифлосланиш даражаси яхшиланишидан дарак бўлмаяпти, деб ёзмоқда Ўзбекистон Экологик партиясининг Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзоси Носиржон Аминов.

“Тартибсиз қурилишлар сабабли дарахтлар кесилиши, транспорт воситалари сони кескин ошиб кетиши барибир ўз сўзини айтаяпти. Шаҳарда тартибсиз қурилишларни ёки автомобиллар ҳаракатланишини чекламасак, ўнгланишимиз қийин бўладиганга ўхшаб турибди”, – дейилади унинг муносабатида.

Кимгадир ёқар ёки ёқмас, аммо ифлосланган ҳаводан болаларимиз нафас олишига томошабин бўлишдан воз кечиш вақти келди.

“Шу ўринда айрим ечимини кутаётган масалаларга эътибор қаратиш жоиз деб ўйлайман”, – дейди у.

1. Қурилиш ишларини ташкил қилиш учун белгиланган “СанПин” талабларига риоя қилмаган қурилишчилар кескин жавобгарликка тортилиши керак.

2. Пойтахт ҳудудида тирбандликларни бартараф этиш мақсадида автомобилларнинг ҳаракатланишини тартибга солиш ишларини қайта кўриб чиқиш, ҳатто вақтинча бўлса-да шаҳарга киришда айрим чекловларни татбиқ қилиш зарур.

3. Атмосфера ҳавосининг ифлосланишини олдини олиш мақсадида бирдан ортиқ автомобилга эга оилаларга мол-мулк солиғини кўпроқ тўлаш тартибини жорий этиш мақсадга мувофиқ, деб ўйлайман.

Бир сўз билан айтганда, хусусий автомобилдан фойдаланиш ҳашамдор, жамоат транспортлари қулай ҳамда пиёда йўллари эса замонавий ва хавфсиз ҳолатда бўлиши зарур!

Юқоридаги фикрларга қўшимча сифатида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Одилжон Тожиев ўзининг телеграмдаги расмий каналида шундай дейди;

“Шаҳримизни экологик ҳалокатдан қутқаришимиз зарур”, – Одилжон Тожиев.

Тошкентда ҳавонинг ифлосланишига қарши тезкор  чоралар кўриш кераклиги кун сайин аёнлашиб бормоқда. Шаҳримизни экологик ҳалокатдан қутқариш, бу мудҳиш жараённи ортга қайтаришимиз зарур. Бу борада шундай қатъият керакки, токи қонун-қоидаларни бузишга, четлаб ўтишга ҳеч кимда ҳеч қандай истакнинг ўзи бўлмасин.

“Таъкидлаш ўринлики, жамоатчилик фаоллари қатори Қонунчилик палатаси депутатлари ҳам бу борада асосли таклифлар беришмоқда. Масалан, Экофракция вакили Носиржон Аминов таклифини қўллаб-қувватлаган ҳолда ўзимнинг ҳам фикрларимни билдирмоқчиман.  Ўзи аслида, бу ҳақида Экопартия кўпроқ бонг уриши керак эди. Аммо…”, – дейилади унинг фикрларида.

Ҳозирда шаҳримиз кўчаларида шахсий автотранспортни камайтириш учун ҳам турли ғоялар бериляпти. Албатта бу ўринда жамоат транспорти жозибадорлигини ошириш орқали бунга эришса бўлади, деб ўйлайман.

Аммо жамоат транспорти йўловчилар учун тез, қулай бўлиши учун автобус йўлаклари самарали ишлашида ҳам гап кўп. Масалан, нега шу пайтгача шахсий транспортдагилар йўлдаги “А” полосаларда бемалол юришипти, автобусларимиз эса “эл қатори” тирбандликда турипти? Нега бу йўлакларни жисмонан ажратиб қўймаймиз ёки уларда юрган автомобилларга ҳалигача жазо йўқ?

“Вазирлик ва идоралар бу борада назоратни максимал кучайтиришлари, амал қилмаганларни жазолаш механизмларини ишлаб чиқишлари керак. Парламент бу борадаги ҳар қандай ташаббусларни қонунларга киритишга тайёр, деб ҳисоблайман”, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Одилжон Тожиев.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.