Қашқадарёда 1-синф ўқувчиси ЙТҲ сабабли ҳалок бўлди

Фото: РБК

19 апрель куни Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз шаҳрида 1-синф ўқувчиси йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида ҳалок бўлган. Бу ҳақда вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси матбуот хизмати хабар бермоқда.

Хабарга кўра, «Шаҳрисабз шаҳридаги 11-мактабнинг 1-«Б» синф ўқувчиси О.И. ўша куни мактабга келган ҳамда дарсларга тўлиқ қатнашган. Соат 12:35 атрофида ўқувчи уйи ёнидаги пиёдалар ўтиш йўлагидан ўтаётганда уни юқори тезликда келаётган «Damas» автомашинаси уриб юборган».

Ўқувчи зудлик билан шаҳар шошилинч тез тиббий ёрдам бўлимига олиб борилган. Бироқ кўрсатилган тез тиббий ёрдамларга қарамасдан О.И. вафот этган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳайдовчи қамоққа олинган.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.