Президент “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги Фармонни имзолади

Фото: president.uz

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони

Мамлакатимизда 9 май – Хотира ва қадрлаш куни умумхалқ байрами сифатида кенг нишонланиши, шунингдек, Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган аждодларимиз хотирасини абадийлаштириш, бугун ҳам сафимизда туриб, Ватанимизнинг обрў-эътиборини юксалтиришга, ёшларни маънавий-ахлоқий жиҳатдан тарбиялашга ҳисса қўшаётган фахрийларни эъзозлаш ҳамда фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 79 йиллиги муносабати билан уруш қатнашчилари ва ногиронларини моддий рағбатлантириш мақсадида:

1. Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларининг ҳар бирига 20 000 000 (йигирма миллион) сўм миқдорида бир марталик пул мукофоти белгилансин.

2. Мазкур Фармонни бажариш билан боғлиқ бўлган сарф-харажатлар Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилсин.

3. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Мудофаа вазирлиги, Миллий гвардия, Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Маданият вазирлиги, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб қувватлаш “Нуроний” жамғармаси билан биргаликда Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларига ушбу пул мукофоти тантанали ҳамда байрамона вазиятда топширилишини таъминласин.

4. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Ш. Мирзиёев

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.