Андижон вилоятида фастфуддан оммавий заҳарланиш содир бўлди

Фото с сайта xs.uz

Андижон вилоятининг Қўрғонтепа туманида одамларнинг фастфуддан оммавий заҳарланиш ҳолати юз берди. Шифохонага шикоят билан 37 нафар фуқаро мурожаат қилди, деб ёзади “Фергана” нашри Ўзбекистон Санитария-эпидемиология хавфсизлиги ва соғлиқни сақлаш хизматига таянган ҳолда.

Қўрғонтепа туман юқумли касалликлар шифохонасига 6 июль куни тушда 16 ёшли ўсмир заҳарланиш аломатлари билан мурожаат қилган. У касалхонага ётқизилган. Суҳбат чоғида шифокорлар бир кун аввал маҳаллий Fresh Food 2020 умумий овқатланиш шохобчаларидан бирида нон-бургер сотиб олганини аниқладилар. Кечга яқин яна 16 киши шу каби аломатлар билан касалхонага ётқизилган. Соат 23:00 га келиб заҳарланганларнинг умумий сони 37 нафарга етган.

Барча беморларнинг ошқозони ювилган, бошқа зарур терапевтик чоралар кўрилган. Уларга «ўткир гастроэнтерит» ташхиси қўйилган. 6 июлга ўтар кечаси беморларнинг аҳволи қониқарли бўлган. Улардан 17 нафари даволанмоқда, қолганлари шифокорлар назоратида. Беморлар орасида 2 ва 7 ёшли икки бола ҳам бор, уларнинг аҳволи алоҳида назоратда.

Fresh Food 2020 филиалида эпидемиологик тадқиқотлар ўтказилди. Корхонанинг яна учта филиали иши тўхтатилган. Мутахассислар ошхона ва омборхонадан намуналар олиб, Қўрғонтепа туман санитария-гигиена лабораториясига таҳлил қилиш учун юбориган.

Оммавий заҳарланиш факти бўйича прокуратура томонидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 257-1-моддаси («Санитария қонунчилигини ёки эпидемияга қарши курашиш қоидаларини бузиш») билан иш қўзғатилган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.