Ўзбекистонда ўтган апрель ойи кузатувлар тарихидаги энг илиқларидан бирига айланди

Foto: Sputnik

Жорий йилнинг апрель ойи ҳарорат тартиби бўйича иқлимий қийматлардан илиқроқ бўлди. Бу ҳақда “Ўзгидромет” хабар бермоқда.

Республика ҳудудининг катта қисмида ўртача ойлик ҳаво ҳарорати меъёрдан 1-2 даражага, Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм вилоятида ва республиканинг чўл ҳудудларида меъёрдан 3-5 даражага юқори бўлган.

Ўзбекистоннинг шимоли-ғарбий қисми бўйича ўтган ой метеорологик кузатувлар тарихидаги энг илиқ апрель ойлари бешлигига кирди.

Ой давомида кундузги ҳарорат 15-20 даража илиқдан 27-32 даража илиққача ўзгариб турди. Республика шимолида, энг чекка жанубида ва чўл ҳудудларида энг илиқ кунларда ҳаво баъзи жойларда 34-35 даража илиққача исиди.

Ҳарорат кечалари 10-15 даража илиқ атрофида, баъзи жойларда 17-20 даража илиққача бўлди ва фақат энг салқин кечаларда 4-9 даража илиққача пасайди.

Ўтган апрель ойида аномал юқори ва аномал паст ҳароратлар кузатилмади.

Метрологик кузатувларг тарихида максимал ҳаво ҳарорати учун рекорд кўрсаткичлар ҳудуднинг катта қисми бўйича 36-37 даража илиқни, минимал ҳарорат 4-6 даража совуқни, Қорақалпоғистон Республикасида 7-11 даража совуқни, Сурхондарё вилоятида 0-2 даража совуқни ташкил этади.

Апрель ойи қуруқ бўлди. Республика ҳудудининг катта қисмида апрель ойида ёғингарчилик миқдори меъёрдан кам бўлиши кузатилди. Шунга қарамай, қатор туманларда айрим кунларда кучли жала ёмғирлар ёғди, бунда ойлик ёғингарчилик миқдоридан учдан бир қисмигача ёки ундан кўпроғи бир кеча-кундузда ёғди.

Шундай қилиб, 12 апрель куни Пайшанба метеостанцияси (Самарқанд вилояти Каттақўрғон тумани) ҳудудида 12 соатда 35 мм ёмғир (апрель ойи ойлик меъёридан 67%) ёғди. 13 апрель куни Сўқоқ метеостанцияси (Тошкент вилояти Паркент тумани) ҳудудида 12 соатда 63 мм (меъёрдан 44%), Шаҳрисабз метеостанцияси (Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз тумани) ҳудудида 8 соатда 31 мм ёмғир (меъёрдан 38%) ёғди. 13 апрель куни Жонгелди метеостанцияси (Бухоро вилояти чўл ҳудуди) ҳудудида кўп ёмғир ёғмади, 12 соатда 16 мм ёғингарчилик кузатилди, аммо бу қиймат меъёрдан 100% ни ташкил этади ва бу бутун апрель ойи давомида ушбу ҳудудда ягона ёмғир ёғиш ҳолати бўлди.

Тоғ олди ва тоғли ҳудудларда кучли жала ёғиши сел-сув тошқин ҳодисаларининг ривожланишига сабаб бўлди. Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Навоий, Қашқадарё, Сурхондарё, Андижон, Наманган, Фарғона вилоятларида сел ва сув тошқинлари кузатилди.

Ўзгидромет томонидан барча сел-сув тошқин ҳодисалари юзага келиши ҳолатлари ҳақида тезкор гидрометеорологик ахборотлар берилган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.