Bo'limsiz

Блогер Абдуқодир Мўминов 7 йил 3 ой муддатга қамалди

Фото: Верховный суд

Жиноят ишлари бўйича Миробод туман судида блогер, «Oynaga qarang» МЧЖ раҳбари Абдуқодир Мўминовга оид жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни якунланиб, суд ҳукми эълон қилинди, дея хабар беради Олий суд матбуот котиби Азиз Абидов.

Жиноят ишлари бўйича Миробод туман судининг раиси С. Содиқов эълон қилган ҳукмга кўра Абдуқодир Мўминов фуқаролар Л. М., Ф. К. ва Э. Э.нинг пул маблағларини фирибгарлик йўли билан эгаллаш ҳолатлари бўйича жиноий ҳодиса юз бермаганлиги ҳамда унинг қилмишида жиноят таркиби бўлмаганлиги сабабли Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «б», «в» бандлари билан айбсиз деб топилиб, реабилитация этилди ҳамда жиноят ишининг шу қисмлари Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси (реабилитация учун асослар) 1, 2-бандларига асосан тугатилди.

Бироқ Мўминов Жиноят кодексининг 141−1-моддаси (шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузиш) 2-қисми «а» банди, 165-моддаси (товламачилик) 3-қисми «а» банди, 168-моддаси (фирибгарлик) 4-қисми «а» банди, 189-моддаси (савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш) 1-қисми ва 28,211-моддаси (пора беришда иштирокчилик) 3-қисми «а» бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилди.

Судья Абдуқодир Мўминовга 3 йил муддатга журналистик (блогерлик) фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 7 йил 3 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.

Шунингдек, Абдуқодир Мўминовдан жабрланувчилар фойдасига жиноят оқибатида етказилган моддий ва маънавий зарарни ундириш белгиланди. Эслатиб ўтамиз, мазкур ҳолат юзасидан 14 киши, жумладан, бир неча тадбиркор жабрланувчи сифатида ўтган бўлиб, уларга етказилган зарар 903,4 миллион сўмга баҳоланган.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.