Бухоро давлат тиббиёт институтининг янги кампусида замонавий клиника фаолият бошлади

Президент ташаббуси билан соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар, энг аввало, инсон ҳаётини муҳофазалаш ва саломатлигини мустаҳкамлаш максадида “Абу Али ибн Сино” номидаги Бухоро давлат тиббиёт институтининг янги ва муҳташам кампуси қурилиб, фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда ССВ матбуот хизмати маълум қилди.

“Бугун мазкур муассасанинг яна бир сиғими, талабалар амалиёти учун катта майдон, ҳозирги замон талабларига тўла жавоб берадиган янги клиниканинг очилиш маросими ўтказилди. Тадбирда вилоят ҳокими, соғлиқни сақлаш тизими мутасаддилари, институт раҳбарияти, хорижий меҳмонлар, жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди” – дейилади хабарда.

Замонавий услубда барпо этилган янги клиника илғор тиббий ускуналар билан жиҳозланган бўлиб, унда юқори технологик даволаш усулларини амалга ошириш учун барча имкониятлар мавжуд. Муассасада беморларнинг даволаниши, тиббий ходимларнинг фаолият юритиши, талабаларнинг тўлақонли билим олиши учун зарур шарт-шароитлар яратилган. Мазкур клиника лойиҳаси умумий қиймати 65 миллиард сўмга молиялаштирилган ва ушбу клиника бир пайтнинг ўзида 200 нафар беморга стационар ва 300 нафар беморга амбулатор ёрдам кўрсатиш имкониятига эга.

Эндиликда бу ерда нейрохирургия, травматология, кардиохирургия, бош мия қон айланишининг ўткир бузилиши, эндоурология, реконструктив жарроҳлик, интервенцион кардиология йўналишларида юқори технологик амалиётларга муҳтож беморларга малакали тиббий хизмат кўрсатиш мумкин.

“Келгусида клиникада буйрак, жигар ва юрак трансплантацияси каби мураккаб операцияларни бажариш режалаштирилмоқда. Бундан ташкари, клиника малакали жамоасининг бош мақсади — нафақат Бухоро, балки Навоий, Қашқадарё, Сурхондарё, Хоразм вилоятлари аҳолисининг ҳам узоғини яқин қилиш, дардига даво топиш” – дейди лойиха ташаббускорлари.

Умуман олганда, мазкур клиниканинг очилиши Абу Али ибн Сино таваллуд топган заминда тиббиётнинг сўнгги ютуқларини кенг қўллаш билан бирга, соҳага оид замонавий ахборот технологияларидан фойдаланиш, ёш мутахассис кадрларни тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, тиббий хизматлар сифатини янада юксалтириш ва уларни халққа яқинлаштиришга хизмат қилади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.