Чиқиндини ўзингиз билан олиб кетинг. Бўстонлиқ туманида экопункт ташкил қилинди

«Чорвоқ» ТРЗ дирекцияси Бўстонлиқ туманининг “Тоза ҳудуд” ДУК билан ҳамкорликда Бўстонлиқдан чиқишда сайёҳлардан чиқиндиларни қабул қилиш экопунктини ташкил этди. Пункт Бўстонлиқ туманининг Қоронкўл посёлкасига ўрнатилган. Мўлжал: Қоронкўл масжиди қаршисида.

Экопунктда чиқиндиларни топшириш учун қандай қилиб тўғри тайёрлаш ва топширилган чиқинди учун нима олиш мумкинлиги ҳақида маълумот берувчи баннерлар ўрнатилган, бундан ташқари, чиқиндини қабул қилувчи ходимдан барча керакли маълумотларни олиш мумкин.

Экопунктнинг ишга туширилиши муносабати билан, «Чорвоқ» ТРЗ дирекцияси ва Бўстонлиқ туманининг “Тоза ҳудуд” ДУК “Чиқиндини ўзингиз билан олиб кетинг” акциясини ҳам эълон қилди. Ушбу акция доирасида ташкилот Бўстонлиқ туманида дам олгандан сўнг чиқиндини йиғиб, экопунктга топширишга чақирилади.

Дам олгандан сўнг нима қилиш керак?

  1. Бўстонлиқ туманида дам олгандан сўнг, ўзингизники ва атрофда бировнинг чиқиндиси бўлса йиғиб олиш.
  2. Бўстонлиқ туманидан чиқишда йиғилган чиқиндини топшириш ва рамзий совға олиш.

Нималар учун совға олиш мумкин?

  1. Чиқинди топширганлик учун.
  2. Ўзингизнинг ва бошқаларнинг чиқиндиси учун.
  3. Сараланган чиқинди учун.

Шу тариқа, топширилган чиқиндига қараб иштирокчилар «Чорвоқ» ТРЗ дирекцияси томонидан канцелярия буюмлари ва кийим кўринишидаги кичик мукофотлар, профессионал инструкторлар билан Угам дарёсида рафтинг учун 15 фоизлик чегирма сертификатлари ҳамда «Чорвоқ» ТРЗ дирекциясининг ҳамкорларидан бошқа совғаларга эга бўладилар.

«Экопунктларнинг афзаллиги — бу коммунал чиқиндилардан чиқинди уюмлари пайдо бўлишининг олдини олишга кичик ҳисса. Бўстонлиқ туманига бир дам олиш кунида 45 мингдан ортиқ одам ташриф буюради. Бўстонлиқ туманига келган ҳар бир киши ҳеч бўлмаса 1 шиша ёки егулик ўрамини топширса, бу чиқиндига қарши курашдаги ғалабадир. Фурсатдан фойдаланиб, қизиққан ҳамкорларни ушбу акцияда иштирок этишга таклиф қиламиз», – дейди «Чорвоқ» ТРЗ дирекциясининг стратегик ҳамкорлик ва халқаро ташкилотлар билан ишлаш бўлими бошлиғи Алина Абдураззоқова.

Акция ҳақида батафсил маълумот билан бу ерда танишиш мумкин.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.