Тимур Кападзе Саудия Арабистонига қарши ўйиндан олдин ўз фикрларини айтди

Фото: Ўза.ўз

Қатар майдонларида ўтаётган футбол бўйича U23 Осиё кубоги доирасида Ўзбекистон олимпия терма жамоаси эртага чорак финалда Саудия Арабистонига қарши баҳс ўтказади. Бугун ҳар икки жамоа вакиллари иштирокида бўлажак ўйин олдидан матбуот анжумани ўтказилган. Унда жамоа устози Тимур Кападзе ва сардор Жасур Жалолиддинов иштирок этиб, қуйидаги фикрларни билдириб ўтишган:

“Эртанги ўйин икки жамоа учун ҳам муҳим. Биз унга тайёрмиз. Саудия Арабистони кучли жамоа. Уларнинг кучини яхши биламиз. Учрашувларини таҳлил қилдик. Биз ўз режамиз асосида ўйин кўрсатамиз. Барчаси эртага майдонда ҳал бўлади. Сўнгги қўшилган легионерларимиз жамоага яхши мослашиб кетишди. Бу бизга қўшимча куч беради. Бўлажак баҳсда улардан фойдаланамиз. Плей-офф босқичида аввал ҳам ўйнаганмиз. Асосий ё қўшимча вақтлар бўладими, пеналтилар сериясими, ҳаммасига тайёрмиз”, – дейди Тимур Кападзе.

 

“Мураббийимиз айтганидек, мақсадимиз йўлида кетмоқдамиз. Эртанги ўйинга тайёрмиз ва мусобақадаги юришимизни давом эттирамиз. Йилдан йилга катта ўсишга эришдик. Ҳеч қандай босим йўқ. Фикримиз фақат олдинда турган ўйинларга қаратилган. Эртага футзал жамоамиз ҳам Осиё кубогида Эронга қарши муҳим учрашувда майдонга чиқади. Уларга ҳам омад тилаб, юртимизга ёруғ юз билан қайтишларини ният қиламиз. Ҳаммамиз бир мақсад – Ватан шаъни учун курашмоқдамиз”, – деган  жамоамиз сардори.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.