Кексаларда иммунитетни тиклашнинг самарали йўли топилди

Фото: spermedineLIFE

Ёш ўтган сайин одам иммунитети тобора заифлашиб бораверади. Қариш жараёни ва иммун тизими ўртасидаги боғлиқликни ўрганган тадқиқотчилар хулосаси шундай: Кексаларда тимус бези ҳажми кичрайиб, гормонлар ишлаб чиқарилиши озайиши ва лимфоид тўқималар атрофияси кузатилиши — тасдиқланган илмий факт

Бунинг оқибати қон таркибида Т-лимфоцитлар миқдори камайишига олиб келади ва лимфоцитлар ҳужайралар ёрдамида фаоллашиш қобилиятини бора-бора йўқотади.

Хабарга кўра,“шу омилга асосланган Буюк Британия олимлари муайян ҳужайраларга таъсир кўрсатувчи муолажа усули орқали кекса инсонлар иммунитетини тиклаш йўлини топган”.

Тадқиқот давомида гематопоетик илдиз ҳужайраларини йўқ қилиш ва уларни янгилари билан алмаштириш ёрдамида иммунитет тизими мувозанатини тиклаш мумкинлиги ўрганилган.

Бунинг учун дастлаб сичқонлар устида тажриба ўтказилиб, 18-24 ойлик ушбу жониворлар организмига гематопоетик илдиз ҳужайраларининг бир қисмини йўқ қилишга қаратилган антитаналар юборилган ва натижада танага киритилган янги В ва Т-лимфоцитлари туфайли иммун тизими мустаҳкамланган. 

“Биз битта муолажа курси бу қадар катта самара берганидан ҳайратдамиз. Муҳими, даволанган ва даволанмаган ҳайвонлар ўртасидаги тафовут икки ойдан кейин ҳам сақланиб қолди. Масалан, муолажа қилинган жониворлар саккиз ҳафта ўтгач, илгари дуч келмаган вирусга қарши эмланганида, уларнинг иммун тизими бошқа ҳайвонларникига қараганда кучлироқ жавоб реакциясини намоён қилиб, инфекцияга анча самарали қаршилик кўрсата олди”, – дейилади хабарда.

Шундан келиб чиқиб, тадқиқотчилар мазкур янги усул кекса инсонларнинг коронавирус сингари хавфли инфекциялар ва бошқа юқумли касалликларга қарши ҳимоя қобилиятини оширишига ишонч билдирмоқда. Якуний хулоса эса инсонларда ўтказиладиган клиник синовлар муваффақиятига боғлиқ.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.