Bo'limsiz

Ипакчиликни ривожлантириш қўмитасининг раҳбари Kun.uz нашрини судга берди

Бахром Шарипов. Фото: yuz.uz

Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитаси раиси Баҳром Шарипов Kun.uz (Web Expert МЧЖ) ва унинг журналисти Шокир Шарипов устидан судга мурожаат қилди. Бу ҳақда «Газета.uz» нашри ёзади.

12 июнь куни нашр журналист Шокир Шариповнинг “Давлат амалдорининг “ипакдан тўқилган” бизнес тўри. Соҳа шахсий томорқага айлантирилганми?” сарлавҳали суриштирувини эълон қилди. Материалда айтилишича, Баҳром Шарипов гўёки рафиқаси ва бошқа қариндошлари орқали жун толалари, ипак ва трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган ўнлаб корхоналар билан боғланган.

Материалда Баҳром Шарипов соҳани тартибга солувчи қўмитага раҳбарлик қилиши ҳисобга олинса, манфаатлар тўқнашуви юзага келиши мумкинлигига ишора қилади. Журналистнинг таъкидлашича, ипакчиликка масъул қўмита ва «Ўзипаксаноат» уюшмаси вакиллари Баҳром Шарипов аслида тадбиркор бўлгани, ипакчилик йўналишида тадбиркорлик фаолияти билан соҳа раҳбарлигига келгунга қадар ҳам шуғулланганини маълум қилган. Аммо суриштирувда туғилган саволларга жавоб берилмади, дейилади мақолада.

Баҳром Шарипов ўз даъво аризасида (нусхаси «Газета.uz»да мавжуд) Kun.uz мақоласидаги маълумотларни асоссиз деб атади ҳамда бу ўзи ва оиласининг обрўсига путур етказганини қайд этди. Таъкидлашича, у тасодифан Ипчилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитаси раҳбари ҳамда «Ўзипаксаноат» уюшмаси раиси лавозимларига тайинланиб қолмаган.

Мулозимнинг айтишича, у 2017 йилгача тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланган. Ўша йилнинг февраль ойида президент Шавкат Мирзиёев Сурхондарё вилоятига ташриф буюриб, хитойлик инвесторлар билан ҳамкорликда очилган Huashen Silworm Pro корхонаси фаолияти билан танишади. Шундан сўнг давлат раҳбари «Ўзипаксаноат» уюшмасини очиш бўйича топшириқ беради ва унинг раҳбари лавозимига Баҳром Шариповни тавсия қилади.

2017 йил апрелдан у уюшмани бошқаришни бошлади, сўнгра 2020 йил сентябрида бир вақтнинг ўзида янги тузилган қўмитага ҳам раҳбар бўлди. Шарипов 2023 йилнинг январидагина уюшма раҳбари лавозимини тарк этган ва шунинг учун «ҳозирда бу ташкилотга ҳеч қандай алоқаси йўқ».

Қўмита раҳбари унинг рафиқаси ва қариндошлари билан боғлиқлиги айтилаётган компаниялар ҳақидаги маълумотларни «нохолис ва бирёқлама» деб атади. Унинг таъкидлашича, 2016 йилда тизимда 19 та корхона фаолият кўрсатиб, қувватлардан фойдаланиш даражаси 17 фоизни ташкил этган. Ҳозир эса корхоналар сони 74 тага, қуввати эса 100 фоизга етди. Мурожаатга 2016 йилдан буён ўзгаришлар таҳлили илова қилинган бўлиб, унда ипакчилик соҳасидаги барча кўрсаткичлар ўсгани кўрсатилган.

Унинг фикрича, 2017−2022 йилларда амалга оширилган ишлар билан танишган ҳар қандай холис одам мақолада айтилганидек, соҳа «шахсий томорқа»га айлантирилмаган, деган хулосага келади.

Шунингдек, унинг фикрича, ушбу мақола президентнинг ипакчиликни ривожлантириш борасидаги сиёсатини обрўсизлантиради, чунки бу борадаги ишлар унинг 10 дан ортиқ фармон ва қарорлари доирасида амалга оширилмоқда.

Баҳром Шарипов ушбу соҳадаги 74 та компаниянинг ҳеч бирида улуши йўқлигини таъкидлади. Унинг тан олишича, рафиқаси тўртта компанияда улушга эга, бироқ улар уюшма ташкил этилишидан анча олдин тузилган. Бошқа барча корхоналар унга ёки унинг оиласига алоқадор эмас, бу билан боғлиқ ҳолда «соҳани шахсий монополлаштириш тўғрисида»ги сўзлар уйдирма ва туҳматдир, дейилади аризада.

Баҳром Шарипов, шунингдек, 2013 йил апрель ойида ташкил этилган Karomat-Oyijon Surxon фермер хўжалиги раҳбарияти манфаатлар тўқнашуви ёки қонун бузилиши эмаслигига эътибор қаратди.

Қўмита раҳбари меҳмонхона хизматлари кўрсатиш соҳасидаги 1001 Nights компаниясида улушга эга эканлиги ҳақидаги маълумотни ҳам рад этди.

Kun.uz мақоласида амалдорнинг рафиқаси Сайёр Шарипова, шунингдек, унинг ўғиллари Машрабшоҳ Бахромов ва Ботирбек Бахромов ҳам ширкатларда улушга эга экани кўрсатилган. Даъвогар «Давлат хизмати тўғрисида»ги қонунда давлат хизматчисининг ўзи учун чекловлар назарда тутилгани, оила аъзолари ва яқин қариндошларига тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ талаблар йўқлигини таъкидлади.

Баҳром Шарипов судланувчилардан раддия эълон қилиш, омма олдида кечирим сўраш ҳамда Kun.uz ва журналист Шокир Шариповдан маънавий зарар учун 1 млрд сўм ундиришни талаб қилган.

Тошкент шаҳар Фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро судида суд мажлиси 20 июль куни соат 15:30 га белгиланган. Ишни судья Анвар Ҳамроев кўриб чиқади.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.