Мансабдор шахсларнинг қинғир қилмишлари фош этилди

Фото: Кадр из видео

Фарғона вилоятида Қўштепа тумани прокурори ўринбосари ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб, мактабгача таълим ташкилоти раҳбаридан 2000 АҚШ доллари олган вақтида ушланди.

Хабарга кўра, у туман прокуратураси томонидан ЖКнинг 210-моддаси (пора олиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, айблов хулосаси туман судига юборилган МТТ раҳбарига нисбатан суд органларидаги танишлари орқали озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ жазо тайинланмаслигига ҳамда ЖКнинг 45-моддаси (муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш) қўлланилмаслигига ёрдам бериши эвазига 3 минг АҚШ доллари талаб қилган ва муқаддам 1000 АҚШ доллари олган.

“Бошқа ҳолатда Наманган вилоятининг Чортоқ туманидаги агрофирма раҳбари туман ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари билан ўзаро тил бириктириб, жорий йилнинг апрель ойида ғаллачилик ва сабзавотчиликка ихтисослашган фермер хўжаликнинг давлат захирасига олинган 10 гектар ер майдонини ф/х ихтиёрига қайтариб бериш ҳамда хўжаликнинг бажарилмаган ғалла экиш режасини ижобий ҳал қилиб бериш эвазига 2,5 минг АҚШ доллари талаб қилган”, – дейилади хабарда.

Ўтказилган тезкор тадбирда агрофирма раҳбари сўралган пул маблағидан 1000 АҚШ доллари ва 5 млн. сўм олган вақтида қўлга тушган.

Тезкор тадбир давом эттирилиб, талаб қилинган пул маблағидан 100 АҚШ долларини олиб, қолган қисмини сақлаб туриши ҳақида агрофирма раҳбарига топшириқ берган вақтида Чортоқ тумани ҳокими ўринбосари ашёвий далиллар билан ушланган.

Шунингдек, Тошкент вилояти Ангрен шаҳар электр таъминоти корхонаси бошлиғи ўринбосари ўз раҳбарининг оғзаки топшириғига асосан, савдо фаолияти билан шуғулланувчи МЧЖнинг трансформаторини электр тармоғига улаб, тегишли ҳужжатларини расмийлаштириб бериш эвазига хизмат хонасида 40 млн. сўм миқдорида пора олган пайтида ушланган.

Тошкент шаҳрида Давлат кадастрлар палатасининг Янгиҳаёт туман филиали бошлиғи эса ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб, тумандаги 20 сотих ер майдонида қурилган уй-жой учун кадастр ҳужжатларини тайёрлаб бериш эвазига, ўзининг хизмат хонасида 25 минг АҚШ доллари миқдорида пора олган вақтида ушланди.

Ҳозирда мазкур мансабдор шахсларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.