Мева-сабзавот кластерлари учун кредитларга 2 трлн сўм ажратилади

24 ноябрь куни президент Шавкат Мирзиёев раислигида мева-сабзавотчилик ва деҳқон хўжаликларини ривожлантириш чора-тадбирлари муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

шу йил 1 декабрдан бошлаб, Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан мева-сабзавот етиштирувчиларни имтиёзли кредитлаш йўлга қўйилади. Бунинг учун кластер, фермер ва банк ўртасида уч томонлама шартнома тузилади. Кредитлар бир йилга, 6 ойлик имтиёзли давр билан, 14 фоиз ставкада ажратилади.

Кластерларга аҳолидан маҳсулот сотиб олишга айланма маблағ учун 12 ойлик “револьвер” кредитлар ҳам берилади. Яъни, кластер қачон зарур бўлса, маблағ олади ва фоизини кредитдан фойдаланган давр учун тўлайди. Ушбу мақсадлар учун жами 2 триллион сўм йўналтирилади.

Кичик интенсив боғ, узумзор ва мева-сабзавотчиликни ривожлантириш учун 14 фоизлик имтиёзли ставкада 100 миллион сўмгача гаровсиз кредит берилади. Бунга халқаро молия ташкилотларининг 100 миллион доллар маблағи йўналтирилади.

Бундан ташқари, экспорт шартномаси бўлган мева-сабзавот ҳосилини хавф-хатардан суғурталаш харажатларининг 50 фоизи бюджетдан қоплаб берилади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.