Мирзиёев Вазирлар Маҳкамасига ҳамкор мамлакатлардаги вазиятнинг салбий оқибатларини юмшатиш бўйича режа тайёрлашни топширди

Источник: president.uz

Ўзбекистон президенти Вазирлар Маҳкамасига Ўзбекистоннинг асосий савдо ҳамкорлари бўлган айрим мамлакатларда юзага келаётган вазиятни ҳисобга олган ҳолда, вужудга келиши мумкин бўлган барча салбий ижтимоий-иқтисодий оқибатларни юмшатиш бўйича республикамизнинг ҳар бир тармоғи ва ҳудуди кесимида аниқ чора-тадбирларнинг батафсил режасини ишлаб чиқишга топшириқ берди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот котиби хабар беради.

«Молия тизимининг барқарорлиги, корхоналарнинг узлуксиз ишлаши ва режалаштирилган инвестиция лойиҳалари ўз вақтида амалга оширилишини таъминлаш вазифаларига алоҳида эътибор қаратилди. Тармоқ ва ҳудудлар раҳбарлари олдига транспорт-логистика тармоғининг ишончли фаолиятини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар кўриш, бунда экспорт географияси янада диверсификация қилинишини ҳам ҳисобга олиш вазифаси қўйилди», – дейилади хабарда.

Вилоятлар ҳокимларига аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ишларини кучайтириш, янги иш ўринлари яратиш ва ишсиз аҳоли бандлигини таъминлашни жадаллаштириш, шунингдек, инфляция даражасини доимий мониторинг қилиш ва истеъмол бозорида нархларнинг кескин тебранишларига йўл қўймаслик бўйича аввалдан чора кўриш зарурлиги алоҳида кўрсатиб ўтилди.

Қайд этиб ўтамиз, Россиянинг Украинага бостириб кирганлиги учун санкциялар юқоритехнологик маҳсулот импортига чекловларни, Россиянинг йирик давлат компаниялари учун АҚШ ва Европа бозорларида ўзлаштиришларга чекловлар, Сбербанк ва бошқа банклар учун корреспондентлик ҳисобларига чекловларни ўз ичига олади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.