Ўзбекистон ва Мўғулистон ташқи ишлар вазири ўринбосарлари учрашди

Фото: Ташқи ишлар вазирлиги

7 май куни Улан-Батор шаҳрида Ўзбекистон ва Мўғулистон ташқи ишлар вазирликлари ўртасида сиёсий маслаҳатлашувларнинг навбатдаги давраси бўлиб ўтди.

Томонлар делегацияларига Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Бобур Усманов ва Мўғулистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Амартувшин Гомбосурен бошчилик қилди.

“Музокаралар чоғида Ўзбекистон-Мўғулистон ҳамкорлигининг бугунги ҳолати ва уни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди. Олий даражада эришилган келишувларни амалга оширишни жадаллаштиришга, шунингдек, Мўғулистон Президентининг жорий йил июн ойида Ўзбекистонга давлат ташрифига алоҳида эътибор қаратилди”, – дейилади хабарда.

Мўғулистон томони Ўзбекистонда давлат бошқаруви ва қонунчилик соҳасини такомиллаштириш, миллий иқтисодиётни либераллаштириш ва модернизация қилиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни юқори баҳолади.

Учрашувда сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун мавжуд салмоқли салоҳиятни рўёбга чиқаришдан ўзаро манфаатдорлик тасдиқланди ҳамда маданий-гуманитар ва туристик алмашинувларини фаоллаштириш бўйича таклифлар кўриб чиқилди.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.