PizzaPitch Women лойиҳасининг ғолиблари аниқланди

Мамлакатда хотин-қизларнинг ижтимоий-иқтисодий аҳволини яхшилаш, уларнинг тадбиркорлик фаоллигини ошириш, касбга ўқитиш ва бандлигини таъминлаш, тадбиркор аёлларнинг иқтисодиётни ривожлантиришдаги ролини янада оширишга қаратилган қатор лойиҳа ва танловлар амалга оширилиб келинмоқда.

Шундай лойиҳалардан бири тадбиркор хотин-қизлар учун “PizzaPitch Women” танловидир. Ушбу лойиҳанинг мақсади тадбиркор аёлларга истеъдодларини намойиш этиш, муваффақият ҳикоялари билан ўртоқлашиш ҳамда ўз лойиҳаларини тақдим этишга қаратилган. Танлов жорий йилда 2 маротаба ўтказилиши режалаштирилган бўлиб, жорий йилнинг дастлабки иштирокчилари Хотин қизлар байрами муносабати билан 9 март куни “U-Enter” инновацион тадбиркорлик марказида тўпланишди.

Лойиҳа БМТнинг Тараққиёт дастури ҳамда KOICA ва USAID кўмагида “PizzaPitch” ҳамжамияти томонидан ташкил этилди. 160 нафар иштирокчилар 45 нафар эксперт ва тадбиркорларга стартап лойиҳаларини намойиш қилиб, улардан фикр-мулоҳазаларини олиш имкониятига эга бўлишди. Унда ҳар бир лойиҳаларнинг мукаммаллиги, пухта ўйланилганлиги, аниқ мақсад ва режалар қўйиш орқали, бюджет тақсимоти тўғри қўйилгани таниқли тадбиркор ва экспертлар кўригидан ўтказилди.

Танловнинг ушбу босқичида энг яхши 5 та лойиҳа 10 млн сўмлик молиявий кўмак ютиб олиш имкониятига эга. Шундан келиб чиқиб, ҳар бир лойиҳа ва унинг ташаббускорлари ўз маҳорат ва имкониятларини намоён этишди. Тақдимоти якунланган иштирокчи жамоа аъзолари учун лойиҳадан ташқари бир бирлари билан ўзаро тажриба ва фикр алмашишлари учун катта имконият тақдим этилган, шунингдек, мутахассислар томонидан тренинг машғулотлари ҳам ташкил этилгани улар учун муҳим восита бўлди.

Ғолиблар муваффақиятли тадбиркорлар ва инвесторлардан иборат ҳакамлар ҳайъати томонидан аниқланиши кўрсатиб ўтилган. Ажратиладиган маблағлар маркетинг ва сотувлар ҳажмини кўпайтириш учун сарфланиши белгиланган. Якунда Choose and Cook, QarzSiz, Mendeleev Kids & Juniors, Vision ҳамда Cook to book лойиҳа ва жамоалари ғолиб деб топилди.

Лойиҳа ташкилотчиларининг маълум қилишларига кўра, танловнинг навбатдаги тури йил якунларида, ноябрь ойида ўтказилиши белгиланган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.