Президент ҳокимликлар ва вазирликларга қўшимча харажатлар учун маблағ сарфлашни тақиқлади

Источник: пресс-служба президента Узбекистана

Шавкат Мирзиёев бугунги йиғилишда Ўзбекистонда макроиқтисодий барқарорликни ушлаб туриш учун ҳудудлар ва тармоқлардаги харажатларни 10 трлн сўмга қисқартириш зарурлигини маълум қилди.

Президент йил якунига қадар барча ҳокимлик, вазирлик ва идораларга молиявий манбаси аниқ бўлмаган қурилишларни бошлашни; бино таъмирлаш, автомобиль, мебель, офис анжомлари харид қилиш каби қўшимча харажатларни амалга оширишни қатъиян тақиқлади, дея хабар беради давлат раҳбарининг матбуот котиби.

Барча иқтисод қилинган маблағлар ушбу ҳудуд ва тармоқнинг ривожлантириш дастурига йўналтирилади.

Шунингдек, ҳудуд ва тармоқлар раҳбарларига 2022 йил 1 апрелдан бошлаб давлат дастурларидан ташқари бюджетдан ссуда бериш ва банкларга депозит қўйишни тўхтатишга топшириқ берилди.

«Бу борада халқимизда ортиқча хавотир ёки безовталик бўлмаслиги керак. Валюта бозорида кескин тебранишларнинг олдини олиш учун захираларимиз етарли», – деди давлат раҳбари.

Масалаларни доимий таҳлил қилиш ва тезкор чораларни кўриб бориш мақсадида, Бош вазир бошчилигида кундалик ишлайдиган Республика штаби ташкил этилади. Ушбу штабга вилоят ҳокимлари ва тегишли вазирлар ҳам аъзо бўлади. Штаб олдига бозордаги нарх-навони кундалик аҳволи бўйича зарур тезкор чораларни кўриб бориш вазифаси қўйилди.

Ташқи хавф-хатарларни юмшатиш мақсадида тадбиркорларни қўшимча қўллаб-қувватлаш чоралари белгилаб олинди. Жумладан, банклар томонидан тадбиркорларга хом ашё сотиб олиш ва айланма маблағлар учун қўшимча 10 триллион сўм “револьвер” кредитлар ажратилади. Ушбу маблағлар биринчи галда экспортчилар, озиқ-овқат ва истеъмол товарлари ишлаб чиқарувчиларга ажратилади. Давлат дастурлари доирасида мева-сабзавот етиштиришга, оилавий тадбиркорлик, ипотека ва таълимга ажратиладиган кредитлар ҳажми ва имтиёзли ставкалари сақлаб қолинади.

Президент солиқ маъмурчилигининг янги механизмлари бўйича йил охиригача жарималарни қўлламасликни ҳамда божхона имтиёзларининг муддатини узайтиришни топширди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.