Bo'limsiz

Самарқанд вилоятидаги тўйда 42 киши салатлар билан заҳарланди

Фото с сайта xs.uz

Самарқанд вилоятининг Ургут туманида 42 киши тўйхонадаги салатлардан заҳарланган. Бу ҳақда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоатчилик саломатлиги қўмитасининг матбуот хизмати хабар берди.

4 август куни соат 05:30да Ургут тумани, “Жарқишлоқ”  маҳалласидаги “Тошпўлат ота” тўйхонасида 2023 йил 3 август куни ўтказилган тўй тадбирида иштирок этган 7 нафар фуқаро кўнгил айниш, қайт қилиш, қорин соҳасида оғриқ, ич кетиш ва тана ҳароратини кўтарилиши каби шикоятлар билан тунги соат 02:00 дан бошлаб эрталаб 10.45 га  қадар 7 нафар бемор “Ўткир овқат токсикоинфекцияси” ташхиси билан туман юқумли касалликлар бўлимига, бир нафар бемор  эса вилоят юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган.

Барча беморлар ўз касалликларини 2023 йил 3 август куни куннинг иккинчи ярмида “Тошпўлат ота” тўйхонасида истеъмол қилинган майонезли салатлар билан боғлашган. Салатлар дастурхонга қўйилгунга қадар сақлаш қоидаларига риоя этилмаган уй шароитида совутгичсиз сақлангани аниқланди.

Тиббиёт ходимлари тoмонидан тўй тадбирида иштирок этганларни аниқлаш мақсадида уйма-уй юриб суриштириш ўтказилиб, касаллик белгилари аниқланган 34 нафар фуқаро туман юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган.

Беморларнинг аҳволи ўрта оғирликда деб баҳоланмоқда,  оғир беморлар йўқ. Ушбу ҳолат Санэпидқўмита томонидан тўлиқ назоратга олинган, дейилади хабарда.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.