Шавкат Мирзиёев Тошкентдаги ҳар бир маҳаллага 10 млрд сўмдан ажратилишини ваъда қилди

Источник: УзЛиДеП

Тошкентда махсус жамғарма тузилиб, ундан ҳар бир маҳаллага 10 млрд сўмдан ($939 минг) маблағ ажратилади. Бу ҳақда Ўзбекистон президентлигига номзод сифатида тошкентликлар билан учрашган Шавкат Мирзиёев маълум қилди, дея хабар берди ЎзЛиДеп матбуот маркази. 

«Жорий йилда пойтахт аҳолиси билан учрашганимда маҳаллаларни обод қилиш бўйича олдимга кўплаб муаммоларни кўтариб чиқишди. Буларни ҳал қилиш учун ҳар бир маҳаллага 2 миллиард сўм берилгани, маблағлар жамоатчилик таклифлари ва уларнинг бевосита назорати остида сарфланаётгани ўз самарасини берди. Ушбу тажрибани тизимли давом эттириб, ажратилаётган маблағларни янада кўпайтирамиз. Бунинг учун 575 та маҳаллани ривожлантириш бўйича шаҳар ҳокимлиги қошида алоҳида жамғарма ташкил этилади ҳамда ҳар бир маҳаллага 10 миллиард сўмдан ажратилади. Бу шаҳар бўйича қарийб 600 миллион доллар маблағ деганидир, — деди у.

Бунда, ушбу маблағларнинг 5 миллиард сўми аҳоли таклифлари асосида, очиқ ва шаффоф “Фуқаролар бюджети” тизимидан фойдаланиб, энг долзарб бўлган ижтимоий ва коммунал лойиҳаларга сарфланади. Яна 5 миллиард сўми эса маҳаллада бандликни таъминлаш, кичик ва оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга йўналтирилади. Ушбу маблағдан самарали фойдаланишга янги иш бошлайдиган ҳоким ёрдамчилари масъул бўлади.

«Мен маҳаллаларга шунчаки маблағ ажратаётганим йўқ. 600 млн доллар – бу улкан маблағ. Қатъий жамоатчилик назорати ўрнатилади. Ҳар бир туманда президент йўллари бўлиши керак. Наманганни гуллар шаҳри дейишади, нега энди Тошкент ҳам гуллар шаҳри бўлмаслиги керак?», — деди президент.

Шунингдек, давлат раҳбари Тошкент шаҳар ҳокимлигида Пойтахт иқтисодиёти ва урбанизация масалалари билан тизимли шуғулланадиган илмий марказ очилишини маълум қилди. Ушбу марказ аҳоли орасида доимий сўровлар ўтказиб, мавжуд муаммоларнинг илмий ечимларини ишлаб чиқади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.