Bo'limsiz

Сурхондарёда маданий мерос объектларига 3 млрд сўмдан ортиқ зарар етказилгани аниқланди

Фото: Генеральная прокуратура

Прокуратура органлари томонидан Маданий мерос агентлиги билан ҳамкорликда Сурхондарё вилоятида тарихий ёдгорликларни муҳофаза қилиш ва сақлашга қаратилган назорат тадбирлари ўтказилди. Бу ҳақда Kun.uz нашри ёзади.

Хусусан, Шўрчи тумани ҳокимлиги мансабдор шахслари ўз вазифаларига «лоқайдлик ва виждонсизларча» муносабатда бўлгани оқибатида маданий мерос объектларига 3,1 млрд сўмлик зарар етказилган.

Жумладан, хусусий корхона томонидан «Янгиариқ» маҳалласидаги VII асрга оид «Жартепа» археологик ёдгорлиги ҳудудида ғишт ишлаб чиқарилган. Етказилган зарар миқдори – 1,8 млрд сўм.

Баъзи фуқаролар «Катта Совур» маҳалласидаги VI-VIII асрларга оид «Қоровултепа» археологик ёдгорлиги тупроқларини олиб, молхона қурган. Етказилган зарар миқдори – 693 млн сўм.

Шунингдек, «Совуртепа» маҳалласидаги I-V асрларга оид «Совуртепа 2» археологик ёдгорлиги тупроқлари олиниб, молхона, ҳожатхона қурилган. Етказилган зарар миқдори – 670 млн сўм.

Аниқланган ҳолатлар юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.