ТИВ: Қорақалпоғистондаги намойишлар давомида тартибни сақлаш органларининг 107 та ходими жиддий тан жароҳатларини олган

Источник: РБК

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Қорақалпоғистондаги намойишлар давомида 107 нафар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари жиддий тан жароҳати олганини, уларнинг 23 нафари оғир аҳволда эканлигини қайд этади. Давлат органларининг жами 270 нафар ходими турли даражадаги тан жароҳатлар олган.

«Тартибсизликлар иштирокчиларининг ваҳшийлиги одамларнинг онгини манипуляция қилган бир гуруҳ шахсларнинг провокацион ҳаракатлари натижаси бўлиб, фуқароларнинг тинч намойишлари сифатида таснифланиши жоиз эмас», – дейилади хабарда.

Идоранинг қайд этишича, айрим оммавий ахборот воситалари ва инсон ҳуқуқлари бўйича ташкилотлар томонидан номаълум манбаларга таянган ҳолда, Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳрида содир бўлган воқеалар ҳақида турли хил тахминлар ва асоссиз хабарлар муҳокама қилинмоқда.

«Гўёки ноқонуний куч ишлатиш орқали “тинч митингни тарқатиш”, жумладан, фавқулодда ҳолат эълон қилиш орқали “мустақил овозларни ёпиш ва ахборот оқимини тўсиш” ҳақида асоссиз баёнотлар берилмоқда».

ТИВнинг билдиришича, 1-2 июль кунлари Нукус шаҳрида Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тизими, ҳудудий яхлитлиги ва бирлигига путур етказишга уриниш юз берган. Конституциявий ислоҳотлар бўйича умумхалқ муҳокамасига киритилган таклифларга қарши норозилик баҳонасида бир гуруҳ тажовузкор шахслар томонидан давлат ҳокимияти органлари биноларини зўравонлик, отишма ва куч ишлатиш орқали эгаллаб олишга ҳаракатлар ташкил этилган.

Ушбу ноқонуний хатти-ҳаракатлар тинч, ягона, демократик мамлакатда айирмачилик, беқарорлик ва бўлинишни қўзғатишга қаратилган олдиндан режалаштирилган саботаждан яққол далолат берди.

“Душман кайфиятдаги кучлар популистик шиорларни ниқоб қилиб олган ҳолда, уяли алоқа ва Интернет орқали сохта янгиликларни тарқатиб, фуқароларни аксилконститутсиявий фаолиятга оммавий равишда жалб қилишга уриндилар”.

«Бу Интернет алоқасини вақтинча чеклаш чораларини кўришга мажбур қилди», – дейилади хабарда

ТИВ маълумотларига кўра, “оммавий вайронгарчилик ва ваҳшийликлар чоғида Жўқорғи Кенгес (парламент), Нукус шаҳар ИИББ ва Миллий гвардия бошқармаси биноларига ҳужум қилишга уринишлар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларини гаровга олиш ва уларнинг ўқотар қуролларини тортиб олиш, давлат, жамоат ва шахсий мол-мулкка ўт қўйиш, бузиш ва йўқ қилиш, шаҳар инфратузилмасига жиддий зарар етказишга уринишлар кузатилган”.

«Ушбу ноқонуний ҳаракатлар натижасида, илгари айтиб ўтилганидек, 18 киши вафот этди. Шуни таъкидлаш керакки, тажовузларнинг фаол иштирокчиларининг кўпчилиги гиёҳванд моддалар ва спиртли ичимликлар истеъмол қилган шахслардан иборат эди».

Айни пайтда Қорақалпоғистондаги воқеалар юзасидан тергов ишлари олиб борилмоқда.

«Ўзбекистон ҳукумати томонидан Қорақалпоғистондаги вазиятни барқарорлаштириш бўйича амалга оширилаётган барча ҳаракатлар ҳуқуқий тартиб-қоидалар доирасида амалга оширилмоқда ҳамда, биринчи навбатда, инсон ҳаёти ва саломатлигига нисбатан таҳдидларга йўл қўймасликка қаратилган. Бугунги кунда Қорақалпоғистонда мобил алоқа тўлиқ фаолият юритмоқда, озиқ-овқат дўконлари, бозорлар, нонвойхоналар, банклар, шифохоналар ва бошқа ижтимоий обектлар фаолият кўрсатмоқда. Электр энеригяси, газ ва сув мунтазам равишда етказиб берилмоқда».

Ўзбекистон тегишли давлат органлари ҳар куни жамоатчиликни Қорақалпоғистондаги вазият ҳақида хабардор қилиб бормоқда.

«Шу муносабат билан, мазкур мавзу юзасидан маълумотлар йўқлиги ҳақидаги баёнотлар асоссиздир», – дея хулоса қилади идора.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.