Ўзбекистон президенти Тожикистон ва Қирғизистон чегарасида вазиятнинг авж олиши тўхтатилганини олқишлади

Источник: kloop.kg

20 сентябрь куни Ўзбекистон ва Қирғизистон президентларининг  телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон президентининг матбуот хизмати хабар беради.

«Давлат раҳбарлари Қирғизистон-Тожикистон чегарасида яқинда юз берган фожиали воқеалар юзасидан фикр алмашдилар. Президентимиз қурбон бўлганларнинг оилалари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдирди ҳамда вазиятнинг авж олишини тўхтатиш бўйича икки томонлама келишувларга эришилганини чин дилдан олқишлади», – дейилади хабарда.

Аввалроқ Ўзбекистон президенти Тожикистон президенти билан телефон орқали мулоқот қилган эди.

Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги 20 сентябрь куни соат 15:00 да қирғиз-тожик чегарасида содир бўлган қуролли тўқнашувда қурбонлар сони 198 кишига етганини маълум қилди. Чегарадаги можарода жами 59 нафар қирғизистонлик ҳалок бўлган.

19 сентябрь куни Тожикистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Содиқ Имомий можарода тожик томондан 41 киши ҳалок бўлганини айтди. Бироқ Тожикистон томонидан қанча аскар ҳалок бўлгани ва қанча тинч аҳоли вакиллари бўлгани номаълумлигича қолмоқда, деб ёзади «Азия-Плюс» нашри.

Бу орада “Радио Озоди” бугун Тожикистон томонидан ҳалок бўлган 57 кишининг рўйхатини эълон қилди.

Сўнгги маълумотларга кўра, икки давлат чегарасидаги можаролар оқибатида 140 мингдан ортиқ қирғизистонлик эвакуация қилинган. Томонлар бир-бирини ҳудудий яхлитликни бузишда айбламоқда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.