Ўзбекистон Шарқий Қуддусда вазият кескинлашганидан “жиддий хавотир” билдирди

Источник: AP

Ўзбекистон Республикаси Шарқий Қуддусдаги вазият кескинлашганидан жиддий хавотир билдирмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлигининг матбуот хизмати хабар беради.

«Биз томонларни кескинликни кучайтирмасликка ва можарони тезроқ бартараф этиш учун барча зарур чораларни кўришга чақирамиз. Фаластин-Исроил муаммосини ҳал қилиш халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгашининг аввал қабул қилинган резолютсиялари ва “икки халқ учун икки давлат” тамойили асосида амалга оширилиши зарур».

Ташқи сиёсий идора томонларни ихтилофни мулоқот ва дипломатия йўли билан ҳал қилиш учун вазминлик ҳамда сиёсий ирода кўрсатишга чақирди.

“DW”нинг ёзишича, Қуддусда фаластинлик намойишчилар билан Исроил кучлари ўртасида Ибодатхона тоғида содир бўлган янги шиддатли тўқнашувлар натижасида 42 киши жароҳатланган, улардан 22 нафари касалхонага ётқизилган, бу ҳақда Фаластин Қизил ярим ой қўмитаси 29 апрель жума куни маълум қилган.

Исроил полициясининг маълумотларига кўра, тартибсизликлар Ал-Акса масжиди ҳудудида содир бўлган: исёнчилар иудаизмнинг энг буюк зиёратгоҳларидан бири бўлган Йиғи девори томон тош отган. AFP агентлиги мухбирининг хабар беришича, Исроил кучлари бунга резина ўқлар ва кўздан ёш оқизувчи газ билан жавоб берган. Бомдод намозидан кейин вазият бироз тинчланган.

Сўнгги пайтларда исроилликлар ва фаластинликлар ўртасидаги танглик кучайган. Охирги икки ҳафта ичида Ал-Акса масжиди яқинидаги тўқнашувларда 250 дан ортиқ одам тан жароҳати олган. Март ойи охиридан бери 14 нафар исроиллик қатор терактлар қурбони бўлган. Исроилнинг Иордан дарёси Ғарбий Соҳилидаги амалиётларида ўнлаб фаластинликлар, жумладан бир неча тахминий қўпорувчилар ҳалок бўлган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.