Ўзбекистон-Туркманистон форумида томонлар 451 млн долларлик шартномаларни имзолади

Источник: mift.uz

Туркманистон Президентининг Ўзбекистон Республикасига ташрифи арафасида Бухорода биринчи Ўзбекистон-Туркманистон ҳудудлараро форуми бўлиб ўтди. Форум якуни бўйича умумий қиймати 451 млн долларлик инвестицион ва савдо шартномалари имзоланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг матбуот хизмати хабар беради.

Тадбирда икки мамлакат делегацияларига Ўзбекистон томонидан Бош вазир ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзаков, Туркманистон томонидан Вазирлар Маҳкамаси раисининг ўринбосари Ботир Атдаев раҳбарлик қилди. Делегациялар таркибига икки мамлакат вазирликлари, идоралари, тармоқ бирлашмалари, тижорат банклари, савдо-саноат палаталари раҳбарлари, маҳаллий маъмуриятлар раҳбарлари ҳамда ишбилармон доиралар вакиллари кирди.

Икки мамлакат ҳудудларининг раҳбарлари ва бизнес миссияларининг мунтазам ўзаро ташрифларини ташкил қилиш йўлга қўйилади. Бундан ташқари, вазифалари ҳудудлар ўртасида ҳамкорликнинг янги йўналишларини кашф этиш, истиқболли лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва мувофиқлаштириш, уларни ҳаётга татбиқ этиш билан боғлиқ барча масалаларни ҳал қилишдан иборат бўлган доимий ишчи гуруҳлар ташкил этилиши маълум қилинди.

Форум иштирокчилари инвестициявий, саноат ва савдо муносабатларини ривожлантириш учун қишлоқ хўжалиги, автомобилсозлик, кимё, тўқимачилик, чарм-пойабзал ва электротехника саноати каби энг истиқболли йўналишларга эътибор қаратдилар. Ҳудудлараро алоқаларни ривожлантириш нуқтаи назаридан чегараолди савдо зоналарини фойдаланишга топшириш, савдо уйларини очиш ҳамда юқори технологияли ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил қилишга қаратилган қўшма лойиҳаларни амалга оширишни жадаллаштириш муҳимлиги таъкидланди.

Бундан ташқари, тадбир доирасида иштирокчиларнинг “B2G” ва “B2B” форматидаги учрашувлари ҳамда икки томонлама ҳужжатларни имзолаш маросими бўлиб ўтди. Форум якунида умумий қиймати 451 миллион долларлик инвестиция ва савдо битимлари имзоланди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.