Ўзбекистонда ОАВ цензураси тақиқланган – юридик клиника Rost24 нашрининг бош муҳаррири билан боғлиқ вазият ҳақида
Rost24.uz нашрининг бош муҳаррири Анора Содиқова марҳум сенатор, савдони назорат қилган собиқ бош вазир ўринбосари, Футбол федерацияси ва Миллий олимпия қўмитасининг раҳбари Мираброр Усмоновнинг ўғли Жаҳонгир Усмонов ҳақидаги материал сайтдан олиб ташланганини маълум қилди.
Оммавий ахборот воситаларининг журналистик текширув ўтказиш ҳуқуқлари қонун ҳужжатларида мустаҳкамлаб қўйилган.
“Ўзбекистонда оммавий ахборот воситаларини цензура қилиш тақиқланган. Журналист фаолиятига тўсқинлик қилиш, устига-устак таҳририятдан у ёки бу материални босма ёки эфирдан олиб ташлашни талаб қилиш, энг аввало, демократик фуқаролик жамияти асосларини, оммавий ахборот воситалари эркинлигини таъминлаш орқали эришиладиган фуқаролик ҳуқуқлари ва жамиятнинг ахборот хавфсизлигини қўпол равишда бузиш ҳисобланади ”, — дея қайд этади Замонавий журналистикани ривожлантириш маркази қошидаги журналистлар ва блогерлар Юридик клиникаси.
“Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”, “Журналистнинг касбий фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги, “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонунларга мувофиқ, оммавий ахборот воситалари ахборот манбаси ва муаллифи билан биргаликда, тарқатилаётган ахборотнинг тўғрилиги учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.
Журналист ўзи тайёрлаган ва тарқатаётган хабарлар, материалларнинг тўғрилиги учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.
Агар мақолада ҳақиқатга тўғри келмайдиган ва ҳақоратомуз маълумотлар мавжуд бўлса, мақоланинг «қаҳрамони» таҳририятдан рад этишни эълон қилишни талаб қилишга, шунингдек шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсини ҳимоя қилиш учун судга мурожаат қилишга ҳақли.
“Афсуски, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг журналистларнинг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун маъмурий жавобгарликни жорий этиш бўйича ташаббуси Ўзбекистон Республикаси қонун чиқарувчи ҳокимият вакиллари томонидан ҳалигача қўллаб-қувватланмади”, — дея хулоса қилди Юридик клиника.
Шарҳлар