Ўзбекистонда велоспорт ривожлантирилади

Ўзбекистон Президенти  2022/2023 ўқув йилидан бошлаб Туризм ва спорт вазирлиги тизимига кирувчи велоспорт маҳорати бўйича республика мактаб -интернатини ташкил этиш борасида фармонни имзолади. Қўшимча равишда, болалар ва ўсмирлар спорт мактабларида, жамоавий спорт ва енгил атлетика бўйича ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мактабларида 25 велоспорт бўйича бўлимлар ташкил этилади.

Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетининг Нукус ва Фарғона филиалларида велоспорт бўйича бакалавриат  таълим йўналишлари очилади.

Ўзбекистон велоспорт федерацияси ҳузурида Ўзбекистон профессионал велосипедчиларининг спорт клуби ташкил этилмоқда.

Клубнинг фаолияти йўналишларининг асосий мақсад ва вазифалари:

– велоспортнинг барча турлари бўйича нуфузли халқаро мусобақаларда иштирок этиб, Олимпия ва Паралимпия, Осиё ва Пара-Осиё ўйинларида қатнашиш ҳуқуқига лицензия олиш;

– республика ҳудудларида велосипед турларини жадал ривожлантириш учун зарур бўлган барча чораларни кўриш;

– хусусий велосипед клубларини халқаро мусобақаларда иштирок этишга жалб қилиш, уларга ташкилий ва амалий ёрдам кўрсатиш;

– халқаро танловларда ва бошқа тадбирларда иштирок этиш орқали “NationBrands” жаҳон миллий брендларининг халқаро рейтингида “Uzbekistan” миллий брендининг рейтинг позициясини яхшилашда иштирок этиш.

Шунингдек велоспортни ривожлантириш бўйича Республика кенгаши тузилмоқда, унинг асосий вазифаларига қуйидагилардан иборат бўлади:

– иқтидорли ёшларни аниқлаш, танлаш ва саралаш (селекция), шунингдек уларни профессионал велосипедчи сифатида тайёрлаш бўйича ишларни самарали ташкил этиш ва мувофиқлаштириш;

– ҳудудларда велоспорт инфратузилмасини қуриш ва кенгайтириш учун инвестициялар ва грантларни жалб қилиш, амалда бошқа зарур чора -тадбирларни аниқлаш ва амалга ошириш;

– таълим муассасаларида, ёшлар ўртасида велоспорт турларини кенг тарғиб қилиш ва оммалаштириш, аҳолининг ушбу спорт турига қизиқишини оширишга кўмаклашиш;

– велоспорт ва веломарафон турлари бўйича мусобақалар ўтказишга кўмаклашиш, бу соҳадаги халқаро ва хорижий ташкилотларнинг грантларини, жисмоний ва юридик шахслардан, шу жумладан норезидентлардан хайрия маблағларини жалб қилиш;

– велоспортни ривожлантириш учун ижтимоий-иқтисодий шарт-шароитларни яхшилашга, шунингдек, юқори спорт натижаларига эришишни таъминлашга ва мавжуд қонун ҳужжатларини қайта кўриб чиқишга қаратилган янги қонунчилик ташаббусларини илгари суриш.

3-июн Бутунжаҳон велосипед кунида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида аҳолининг турли қатламларини жалб қилиш орқали камида 15-20 км масофада веломарафонлар ўтказилади.

Ҳужжатда Туризм ва спорт вазирлиги, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси, Ўзбекистон миллий паралимпия қўмитаси ва Ўзбекистон велоспорт федерациясининг 2022 йилдан бошлаб ҳар йили анъанавий шаклда қуйидагиларни  ташкил этиш бўйича таклифлари маъқулланади:

-Тошкент вилоятида велоспортнинг (Road ) ва тоғ (MTB) турлари бўйича “Oqtosh-Chorvoq-Mountain”, Қорақалпоғистон Республикаси ва Самарқанд вилоятида-” Save-Aral ” кўп кунлик халқаро  велопойгалари;

– Велосипеднинг трек (Track ) тури бўйича Тошкент шаҳрида кўп кунлик “Silk-RoadTashkent”, Наманган шаҳрида- “Silk-RoadNamangan ” халқаро велосипед пойгалари;

– Жиззах вилоятида велоспортнинг мотокросс (BMX Racing) тури бўйича  “Zaamin-Cup” халқаро велосипед пойгалари”;

– Тошкент шаҳрида фристайл  велоспорт (BMX Freestyle)  тури бўйича “Tashkent-GrandPrix “халқаро мусобақаси.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.