Ўзбекистоннинг 225 та мактаби ногиронлиги бор болалар учун ўз эшикларини очмоқда

Дети в школе
Источник: ЮНИСЕФ

Ўзбекистон ўқувчилари ва талабалари янги ўқув йилини бошлар экан, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ) Ўзбекистон ҳукуматининг инклюзив таълим соҳасидаги дадил ва улкан қадами билан олқишлайди – бутун мамлакат бўйлаб ногиронлиги бўлган болалар учун мактаблар эшиги очилади. ЮНИСЕФ жамоатчилик, ота-оналар, ўқитувчилар, ўқувчилар ва мактабларни ушбу инклюзив ёндашувдан фойдаланишга чорлайди ва бу таълим сифатини оширишда муҳим эканлигини таъкидлайди.

Мамлакат таълим тарихида мисли кўрилмаган қадам сифатида жорий ўқув йилида мамлакатнинг барча ҳудудларидаги 225 та умумтаълим мактаблар ногиронлиги бўлган болалар учун ўз эшикларини очади. Бу Ўзбекистон президентининг 2020 йил 13-октябрдаги 4860-сонли қарори билан тасдиқланган 2020 – 2025 йилларга мўлжалланган Халқ таълими тизимида инклюзив таълимни ривожлантириш концепсиясига мувофиқдир.

«Биз бутун мамлакат бўйлаб инклюзив таълим йўлидаги бу илғор қадамни олқишлаймиз. Далиллар шуни кўрсатадики, инклюзив таълим барча болалар учун фойдали бўлиб, таълим натижаларини яхшилашда катта имкониятларни тақдим этади», – деди ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мунир Мамедзаде.

Ўзбекистонда ногиронлиги бўдган болалар кўпинча алоҳида муассасаларда ўқитилади. 2020 йилда бундай болалар махсус муассасаларда тарбияланиётганларнинг 75 фоизини ташкил этган. Тахминан 9700 та ногиронлиги бўлган болалар мактаб тизимида эмас.

Халқаро амалиёт шуни кўрсатдики, инклюзив таълимни жорий этиш таълим сифатини яхшилашнинг калитидир. Инклюзив таълим болаларга йўналтирилган (ўқув дастурларига эмас) ва ҳар бир боланинг, шу жумладан ногиронлиги бўлган болаларнинг эҳтиёжларига жавоб берадиган педагогикани қўллаш орқали барча болалар учун яхшироқ таълим натижаларини таъминлайди.

Португалия каби мамлакатларда ногиронлиги бўлган мактаб ёшидаги болаларнинг 98% дан ортиғи оддий мактабларда ўқиши туфайли таълим сифати кескин яхшиланган. Норвегияда ҳар бир ўқувчига мослаштирилган таълим, шунингдек, умумий болалар боғчалари ва мактабларида тақдим этиладиган махсус таълим хизматларидан яхши натижалар кутилмоқда. Ҳар икки давлат ҳам Халқаро талабаларни баҳолаш дастури (PISA) каби халқаро таълимни баҳолаш тизимида энг яхши натижаларга эришганлар қаторига киради.

Бундан ташқари, далиллар шуни кўрсатдики, инклюзив синфлар хилма-хилликни англашга ва ҳар бир инсон турли кучли ва заиф томонларга эга эканлигини тушунишга ёрдам беради. Ногиронлиги бўлган болалар, ҳар қандай бола каби, уларнинг салоҳиятини тўлиқ ривожлантириш учун қўллаб-қувватланса, жамият ривожига катта ҳисса қўшиши мумкин. Болалар бошқача бўлиш оддий ҳол эканини тушуниб борадилар, ўзларини янада қулай ва хавфсиз ҳис этадилар. Улар, шунингдек, турфа дунёда яшаш қобилиятини ривожлантирадилар ҳамда ижтимоий масъулият даражаси юқори бўлган ва ўз жамоаларини яхшилашга тайёр бўлган фаол фуқаролар бўлиб етишадилар.

Бутун дунё бўйлаб болалар мактабга қайтар экан, 10 ёшли болаларнинг учдан икки қисми оддий матнни ўқий олмаслиги хавотирли ҳолатдир. Бундай шароитда мактабдаги барча болалар, жумладан ногиронлиги бўлган болалар каби кўпинча ажратиб қўйиладиган гуруҳлар учун таълим сифатини ошириш зарурати кучаймоқда.

Бинобарин, ЮНИСЕФ ҳамкорлари билан барча болаларга, жумладан, ажратиб қўйилган болаларга билим ва кўникмаларини оширишлари учун Асосий таълим бўйича ҳаракатлар мажбуриятини (Commitment to Action on Foundational Learning) ишлаб чиқди ва ҳукуматларни бу борада шошилинч чоралар кўришга чақиради. Ушбу ҳаракатни маъқуллаган ҳолда, ҳукуматлар қуйидаги мажбуриятларни оладилар:

  • 2030 йилгача оддий матнни ўқиб тушуна олмайдиган ўн ёшгача бўлган болаларнинг сонини глобал миқёсда икки баробар қисқартириш;
  • сифатли таълим учун етарли ресурслар ажратиш.

«225 та мактаб ўз эшикларини ногиронлиги бўлган болалар учун очиши барча болалар сифатли таълимга эга бўлишларини таъминлашда қатъий ва муҳим қадамдир”, деди Мунир Мамедзаде. “Бироқ мазкур мажбуриятнинг муваффақиятли бажарилишини таъминлаш барчанинг масъулиятидир: оилалар ўз фарзандларини мактабга олиб боришлари, маҳалла раҳбарлари ногиронлиги бўлган болаларга нисбатан стигма ва камситишларга чек қўйишда фаол бўлишлари, мактаблар эса бу болаларни кутиб олишга тайёр бўлиши керак».

Бу йил ЮНИСЕФ Халқ таълими вазирлигига ушбу намунавий мактабларда ҳар бир ўқувчи учун юқори сифатли таълимни таъминлайдиган янги инклюзив мактабларни моделлаштиришда ёрдам беради. 2018 йилдан бери ЮНИСЕФ Халқ таълими вазирлигини кўникмаларга асосланган, инклюзив ва гендер масалаларини инобатга олган янги ўқув дастурлари, дарсликлар ва ўқув-методик материалларни ишлаб чиқишда қўллаб-қувватлаб келмоқда. Ҳозирда ЮНИСЕФ кўмагида ўқитувчилар учун янги қўлланмалар ишлаб чиқилмоқда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.