Шамоллаш билан боғлиқ касалликлар авж олмоқда

Фото: parstoday.ir/uz

Айни кунлардаги совуқ ҳаво туфайли шамоллаш билан боғлиқ касалликларга чалиниш эҳтимоли бирмунча ошган. Бундай касалликлардан сақланиш учун ССВ бир қанча тавсиялар берди.

Инсон организми турли касалликларга қарши курашиши учун унинг иммунитети мустаҳкам бўлиши керак. Бироқ қиш фаслида аксарият кишиларда тананинг ҳимоя тизими бироз сусаяди. Натижада шамоллаш билан боғлиқ касалликлар ортади.

Шу боис, совуқ ҳавода, энг биринчи навбатда, гигиена қоидаларига риоя этиш мақсадга мувофиқ. Бунинг учун ташқаридан келганда албатта қўлларни совунлаб ювиш шарт.

“Одамлар асосий вақтини иссиқ шароитда, бир неча киши ёки кўпчилик бир жойда жамланиб ўтказади. Бу эса инфекцияларнинг авж олиши учун қулай муҳит ҳисобланади. Шу боис биноларни тез-тез шамоллатиш керак”,- дейди мутахассис Ботир Тожиев.

Д витамини иммунитет тизимининг меъёрий ишлаши учун муҳим элемент ҳисобланиб, қиш фаслида қуёшли кунлар кам бўлиши боис организм бу моддани мустақил ишлаб чиқариши пасаяди. Натижада тананинг мазкур дармондорига эҳтиёжи ортади. Шу сабабли қишда тўғри овқатланиш, таркибида С ва Д витамини бор егуликлар яъни балиқ, жигар гўшти, сут маҳсулотлари, тухум, мандарин, киви,смородина, лимон, каби мевалар, петрушка, ўсимлик ёғи ва табиий апелсин шарбатини кўпроқ истеъмол қилиш лозим.

“Шунигдек, витаминлар иммунитет тизимини мустаҳкамлаш ва вирусларга қарши туриш учун жуда муҳим. Масалан, Б витаминлари (Б1, Б2, Б6, Б12) лейкоцитлар фаоллигини кучайтиради. Бу ўз навбатида тананинг совуққа чидамлилигини оширади. Шу боис таркибида ушбу витаминлар кўп бўлган гўшт, балиқ, жигар, дуккаклилар, асал ва ёнғоқ каби маҳсулотларни ейиш тавсия этилади”,- дейилади хабарда.

Бундан ташқари, совуқ пайтда об-ҳавога мос кийиниш керак. Биринчи навбатда, шарф тақишни унутмаслик зарур. Боиси у бўйиндаги қон томирларини иссиқ сақлаб, мияга иссиқлик етиб боришини таъминлайди. Турар-жой ва офислар ҳамда жамоат биноларида эса ҳарорат режимига риоя қилиш лозим.

Яна бир жиҳат шуки, аксарият инсонлар совуқ пайти камҳаракат бўлиб қолади. Бу эса иммун тизимига салбий таъсир кўрсатади. Аслида қиш пайти жисмоний ҳаракатни кўпайтириш орқали танани чиниқтириш жуда муҳим. 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.