Ўзбекистонда журналистларнинг Ахлоқ кодекси кабул қилинади

Ўзбекистонда журналистларнинг Ахлоқ кодекси кабул қилинади

Шу йилнинг 3 июль куни Тошкентда Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди томонидан Журналистларни қайта тайёрлаш халқаро маркази ҳамда ЮНЕСКОнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда “Журналистлар касб одоб-ахлоқи меъёрларининг долзарб масалалари” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Унда босма ва электрон оммавий ахборот воситалари вакиллари, олий таълим даргоҳларининг журналистика факультетлари профессор-ўқитувчилари, олимлар, экспертлар қатнашди, деб ёзади UZ24 нашри.

Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди директори А.Абдуллаев, ЮНЕСКОнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси раҳбари К.Пиккат ва бошқалар бугунги глобаллашув даврида оммавий ахборот воситалари фаолиятини ислоҳ этиш, жамиятда демократик қадриятларни мустаҳкам қарор топтириш журналистлар касб одоб-ахлоқ меъёрларининг долзарб масалалари билан узвий боғлиқ эканини таъкидлади.

Шунингдек, медиа соҳасининг халқаро эксперти Тармим Таммерк билан “теле-кўприк” ташкил этилди. У Ўзбекистон журналистларининг янги таҳрирдаги Касб одоб-ахлоқи кодекси лойиҳаси борасидаги ўз фикрларини баён этди.

Давра суҳбатида халқимиз миллий менталитети, маданияти ва анъаналаридан келиб чиққан ҳолда оммавий ахборот воситалари фаолиятида одоб-ахлоқ меъёрлари, сайловлар жараёни, долзарб ижтимоий масалаларни ёритишда касб этикаси тамойилларига риоя этиш атрофлича муҳокама қилинди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.