Пандемия шароитларида Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари қандай фаолият кўрсатмоқда

Пандемия шароитларида Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари қандай фаолият кўрсатмоқда

ОАВ ва журналистлар карантин шароитларида давлат иқтисодий қўллаб-қувватлайдиганлар рўйхатига кирмади. Ўз-ўзини изоляция қилиш, ҳаракатланишдаги чекловлар, эълон қилинган карантин ахборотга бўлган талабни оширди ва бунинг натижасида электрон медиа фойдаланувчилари ва томошабинларининг сони ўртача уч бараварга ошди. Журналистларнинг иши ҳам сезиларли даражада ошди. Ҳукуматнинг ўзи ҳам ОАВда эпидемияга қарши туриш учун таянчни кўрмоқда. Шу билан бирга, нашрлар раҳбарларининг аксарияти карантин таъсири остида молиявий коллапсдан хавфсирамоқда. Айниқса босма нашрлар қийин аҳволда қолган, улар ишлаш имконияти йўқлиги сабабли вақтичналик ўз фаолиятини тўхтатган. Реклама хусусий ОАВнинг асосий манбаи бўлиб қолмоқда. Нашрларнинг кўпчилиги (айрим истиснолар билан) эндигина бозори ривожланаётган реклама ҳажмлари қисқариши шароитларида таҳририятларнинг узлуксиз ишлашини таъминлайдиган “хавфсизлик ёстиқчаси”га эга эмас. Anhor.uz нашри  бошқа ОАВдаги ҳамкасбларидан пандемия уларнинг фаолиятига қандай таъсир қилгани борасида суриштирди.
 
 UzReport бош муҳаррири Гулноза Хусанова
 
Пандемия умумий иқтисодий вазиятга, хусусан реклама соҳасига ҳам ўзининг салбий таъсирини кўрсатмасдан қолмади. Рекламадан тушаётган даромад пасайиб кетмоқда, бу тенденция давом этади. Шу билан бирга UzReport TV кучайтирилган режимда ишламоқда, бу бизнинг принципиал позициямиз, чунки бундай мураккаб даврда тезкор ва тўлиқ ҳажмда аҳолига ахборот етказишни зарур деб ҳисоблаймиз. Бундан ташқари АОКА, карантиннинг дастлабки кунлариданоқ, тўғридан-тўғри эфирда брифинглар олиб боришни бошлади, пандемия мавзусида янги лойиҳаларни ишга туширди – болалар учун “Дневник карантина”, руҳшунослар, вирусологлар, инфекционистлар ва бошқалар иштирокида “Ваҳимасиз коронавирус” дастурлари. Шунингдек, 10-11 синф ўқувчилари учун ҳамкорликда “Теледарс” ўқув дастури жорий қилинди. Тескари алоқа бу одамларга керак эканинини кўрсатмоқда, телеканал рейтингининг ошганлиги, дижиталда аудитория сонининг ўсгани ҳам шундан далолат беради.
 
Айни пайтда UzReport TV телеканалининг ходимлари уч гуруҳга бўлинган: 1. Мобил гуруҳ (front-office). Унга трансляция учун бевосита масъул бўлган барча мутахассислар киради. 2. Масофадан туриб ишловчилар гуруҳи (back-office) – журналистларнинг бир қисми, корректорлар, таржимонлар. Асосан дижитал-ресурсларни улар олиб бормоқда.  3. Захира гуруҳи, ундаги мутахассислар форс-мажор ҳолатида мобил таркибдаги одамларнинг ўрнини босиши мумкин. Тезкорликни талаб қиладиган иш анча кўпайди, масалаларнинг аксарияти тез, тўғри ҳаракат қилишни талаб қилади. Бу ходимларни мобилизациялайди. Карантиннинг таъсирига тўхталадиган бўлсак – каналнинг сиёсати максимал даражада қайишқоқ, ҳар қандай форс-мажор вазиятда ишлашга мослаша оладиган қилинди. У умум қабул қилинган жаҳон ОАВ стандартларига мувофиқ келадиган хусусий мустақил каналнинг фаолият принципини тўла акс эттиради.
 
 Тимур Абдулин, Repost.uz бош муҳаррири
 
Ҳозирча бизга ушбу вазият нашрнинг молиявий таркибига қай даражада кучли таъсир қилганини баҳолаш қийин. Зарарлар кўламини фақат бир ойдан кейин тушунишимиз мумкин. Биз асосан карантин даврида ўз фаолиятини тўхтатган ва Repost нашрида рекламадан вақтинчалик воз  кечишга мажбур бўлган реклама берувчиларни йўқотдик. Аммо бунинг ижобий томони ҳам бор – бизда онлайн-хизматларни илгари сураётган мижозлар пайдо бўлди. Бу инқироз шароитларида трансформациялар ҳақида яхши кейс бўлади, уни кейинчалик батафсил ўрганиш мумкин.
 
Умуман олганда эса, нашрнинг иқтисодий модели ўзгаргани йўқ. Фақат инқироз шароитларида биз овқат, ижтимоий муҳим озиқ-овқатлар ва дори-дармонларни етказиб бериш билан шуғулланадиган компанияларни қўллаб-қувватлашга қарор қилганимиз бундан мустасно. Бу ҳозир қийин вазиятни бошидан кечираётган тадбиркорларга беғараз ёрдам бериш мақсадларида қилинди. Айни дамда Repost.uz таҳририяти масофадан туриб ишламоқда. Бунда ходимлар олдидаги гонорарлар тўлаш ва уларнинг миқдори бўйича барча мажбуриятлар тўлиқ сақланган. Масофадан туриб ишлашнинг энг салбий томони – эрталабки йиғилишлар ва планёркаларни ўтказишнинг имконияти йўқлиги. Масофадан туриб ғояларни генерациялаш қийинроқ. Кейин иш вақти давомида ходимларнинг интизоми ва уларни топиш борасида ҳам айрим хавотирлар бор.
 
Repost нашрининг коронавирус тилга олинадиган барча янгиликларига трафик кескин ўсди. Охирги уч ҳафта ичида сайтда трафикнинг ўртача суткалик ўсиши 50-55% га ошди. Бундан ташқари, биз ижтимоий тармоқларда ҳам обуначилар сонининг кескин ошганини кузатяпмиз. Иш ҳажмимиз ҳам сезиларли даражада кўпайди, шу боис биз кечки вақтда ва дам олиш кунлари мажбурий навбатчиликни жорий этдик ҳамда коронавирус билан боғлиқ муаллифлик материаллари бўйича контент-режани ишлаб чиқдик.
 
Виктор Михайлов, Nuz.uz нашрининг бош муҳаррири
 
Ҳозирча биз инқироз оқибатлари билан унчалик тўқнаш келганимиз йўқ. Бироқ, бироз вақтдан кейин бу бизни ҳам четлаб ўтмаслиги аниқ. Бизда сайтга киришлар сони кескин ошганини кузатяпмиз – кўрсаткич уч бараварга ошган. Реклама берувчиларга тўхталадиган бўлсак, улар ҳозирча биз билан ҳамкорликни тўхтатгани йўқ. Аммо биз вазият ўзгариши ва мижозларимиз ўзларининг реклама ва ахборот материаллари харажатларини қисқартириши мумкинлигини истисно қилолмаймиз.   
 
30 мартдан бошлаб Nuz.uz таҳририяти вақтинчалик ёпилди, нашр ходимлари масофадан туриб ишлашга ўтди. Уйда ишлаш нашр контентига ёмон таъсир қиляпти. Агар олдин ходимларимиз ахборот излаб шаҳар бўйлаб кўп ҳаракатланган, видео ва фоторепортажлар қилган бўлса, ҳозир бундай имконият йўқ. Назаримда, ҳатто карантин шароитларида ҳам журналистларнинг фаолиятини чеклаш нотўғри. Албатта, бундай вазиятда ОАВ ҳукуматнинг қарорларини қўллаб-қувватлаши ва давлат томонидан кўрилаётган чоралар тарқатувчиси сифатида чиқиши керак. Шу билан бирга, журналистлар мамлакатда нималар юз  бераётганини ва аҳоли вирусдан қандай ҳимояланиши кераклигини кўрсатиши зарур. Аммо мухбирлар уйда ўтирса ва шаҳар бўйлаб ҳаракатланишда чекланган бўлса, бу ишимизни жуда қийинлаштиради. Майга яқин вирус чекинишига ва биз ўзимиз учун одатий бўлган иш форматига қайта олишимизга умид қиламан.
 
Нигора Салимова, “Алмалыкский рабочий” газетасининг бош муҳаррири
 
Карантин шароитларида ўз фаолиятимизни тўлиқ ўзгартирдик. Газетани чиқаришни тўхтатдик, чунки уни Тошкентда босиб чиқарамиз, шу боис босиб чиқариш ва етказиш билан муаммолар юзага келди. Шаҳарда уни тарқата олмаймиз – корхоналар карантинга ёпилган, почта ходимларининг аксарияти таътилда. Бироқ биз карантин арафасида ўз сайтимизни ишга туширгандик. Ҳозирча ходимларни уйдан туриб ишлашга ўтказдик. Қисқартиришлар бўлмади, таътилга ҳам ҳеч ким кетмади. Реклама берувчилар камайди, рекламадан тушадиагн даромадни йўқотяпмиз. Ижарада тежаш имкони белмаяпти, ижарага берувчи (АКМК) ҳаммаси олдингидай қолишини маълум қилди.
 
Масофадан туриб ишлашнинг салбий томони – иш унумдорлигининг пасайиши. Уйда ходимлар эътиборни ишга жамлашнинг уддасидан чиқолмаётганга ўхшайди. Коронавирус ҳақидаги янгиликлар Телеграмда обуначилар сони ўсишига таъсир қилди. Иш анча кўпайган, ўқувчиларимиздан ботга кўплаб саволлар келмоқда. Рекламани жалб этиш бўйича барча саъй-ҳаракатларни ижтимоий тармоқларга, онлайн-хизматлар ва уйга етказиб бериш хизматларини кўрсатувчи фирмаларга ташладик. Хулоса ҳам қилишга улгурдик: газета чиқаришдан бўшаган вақтимиздан фойдаланиб, онлайн-режимда (сайт ва ижтимоий тармоқлар) фаолроқ ишлашни ривожлантирамиз ва карантин тугаганидан кейин ҳам ушбу суръатни сақлаб қолишга ҳаракат қиламиз.
 
 
Исмини айтишни истамаган давлат босма нашрининг ходими
 
Газетамизда чоп этиладиган барча материалларнинг 80 фоизи коронавирус инфекциясига бағишланган. Босма нашрнинг ҳам, веб-ресурснинг ҳам контентини режалаштиришга тўхталадиган бўлсам, урғу Ўзбекистонда коронавирус тарқалиши борасидаги тезкор ахборотга, унга қарши курашиш бўйича кўрилаётган чораларга берилмоқда, шунингдек ушбу даврда инқирозга қарши чораларга ҳам эътибор қаратилмоқда. Бундан ташқари сайтда бошқа мамлакатлардаги вазият ҳақидаги маълумотлар ҳам чоп этилади. Ҳозирги даврда нашримизда фақат энг долзарб ва ҳаққоний ахборот бериб бориляпти.
 
Онлайн версия трафиги коронавирус инфекцияси ҳақида мунтазам чоп этиладиган янгиликлар туфайли ошди. Айни пайтда 20 та ходим масофадан туриб ишламоқда. Бироқ босма версия ҳам чиқишда давом этяпти, чунки нашрнинг навбатдаги сонини босишга топшириш учун зарур бўлган ходимларнинг мини-гуруҳлари ташкил қилинган. Газетада реклама ҳам бериб бориляпти, ҳозир унинг ҳажми ҳақида ва улар кейин ҳам чиқиш-чиқмаслиги ҳақида айтиш қийин.
 
Давлат босма нашрининг ходими 
 
Албатта, умумий кескинлик муҳитида ишлаш анча оғир. У кишини бироз эзади ва бўшаштиради. Бизда бир нечта янги рукнлар пайдо бўлди. Хусусан, улардан бирининг остида ҳар доим инсонийликни йўқотмаслик, бошқаларга ёрдам бериш кераклигига бағишланган материалларни босиб чиқаряпмиз.
 
Материалларимизнинг катта фоизи долзарб мавзуга – мамлакатда коронавирус инфекцияси тарқалишига йўл қўймаслик, карантин чоралари, масофадан туриб таълим олиш ва ҳ.к.ларга бағишлашга ҳаракат қиляпмиз. Ходимларимизнинг тахминан 70-80 фоизи масофадан туриб ишлашга ўтди. Бунинг салбий томони шундаки, ходимлар билан алоқага, матндаги тушунарсиз жиҳатларни аниқлашга кўпроқ вақт сарфлайсан, ишни ташкиллаштириш қийинроқ. Билишимча, ҳозирча ҳеч ким таътилга чиқмаган. Бундай қийин вақтда аҳолини қўллаб-қувватлаш учун ҳамма ишлашга интиляпти. Ҳеч қачон бундай вазиятга тўлиқ тайёр туришнинг иложи йўқ. Аммо энг асосийси – ўз вақтида тўпланиш, ваҳимага берилмасдан ишни аниқ тузилмалаш ва ташкиллаштириш. Ва, шубҳасиз, барча карантин чораларига амал қилиш.
 
 
Anatomiсa нашрининг директори Барно Икрамова 
 
Биз саросимадамиз. Нашрнинг навбатдаги сонини босишга бера оламизми, етказиб бериш ишларини қандай қиламиз, деган саволлар қийнамоқда. Журнал бир неча ойда бир марта чиқади, шу боис реклама карантиндан олдин тўпланганди, аммо ҳозир ҳам ўз хизматлари ва товарларини реклама қилишни хоҳлаётганлар бор. Улар ҳамкорлик қилишга ва таклифларни кўриб чиқишга тайёр. Ҳамма эртами-кечми бу тугашини тушунади.
 
Ходимларимизни қисқартирганимиз йўқ, ҳатто штатни кенгайтиришни режалаштиряпмиз. Ҳар қандай вазиятни йўл топиш мумкин. Ҳамма соғ-саломат бўлиши муҳимроқ. Афсуски, кўпчилик ОАВ ходимларининг оптимистик кайфиятига қарамасдан, бир неча ойдан сўнг таҳририят мураккаб молиявий вазиятга дуч келиши ва ўзининг иқтисодий моделини, иш шаклини ва нашр форматларини қайта кўриб чиқишга мажбур бўлиши эҳтимоли катта. Агар карантин чўзилиб кетса, айрим таҳририятлар ёпилишга мажбур бўлади. Бизнес – бу бизнес, дейиши мумкин бизнесменларнинг кўпчилиги. Аммо ОАВ Ўзбекистонда бизнес-тузилма сифатида жуда кичкина сармоя айланмасига эга. Бироқ мустақил медиа туфайли давлат бошқаруви, иқтисодий жараёнлар ва жамият ҳаёти шаффофроқ, тушунарлироқ, очиқроқ ва барқарорроқ бўлмоқда.
 
 
*****
Бу фақат бир нечта таҳририятнинг жавоби, холос, аммо улар умуман республикадаги журналистиканинг аҳволини акс эттиради. Яқинда ташкил қилинган Мустақил ОАВни қўллаб-қувватлаш жамғармаси шундай ташаббус билан чиқадиган ва уни амалга оширишнинг самарали шаклларини топадиган пайт келди, деб ўйлайман. Эҳтимол бу йил Жамғармага ушбу мураккаб даврда ОАВ қўллаб-қувватлаш имкониятини излаб топган ҳолда ҳукумат ҳам ёрдам бера олар. 
 
Маълумот учун
Ўзбекистонда 1 765 та ОАВ, шу жумладан 664 та газета, 410 та журнал, 16 та ахборот бюллетени, 5 та ахборот агентлиги, 71 та телеканал, 37 та радиоканал, 562 интернет нашр рўйхатдан ўтказилган

Лола Исламова, Anhor.uz бош муҳаррири

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.