Европа суди Суперлига фойдасига қарор чиқарди

Фото: championat.com

Европа Иттифоқи адлия суди УЕФА ва Суперлига лойиҳаси бўйича ишни кўриб чиқиб, Суперлига фойдасига қарор чиқарди.

Унга кўра, суд Суперлига лойиҳасини қонун доирасида эканини тасдиқлаб, ФИФА ва УЕФА бу борада монополия ўрнатишини ноқонуний деб топди. Бу ташкилотларнинг Суперлигага доир қоидалари рақобат ва хизмат кўрсатиш эркинлиги тўғрисидаги қонунларга зид деб топилди.

«ФИФА ва УЕФА қоидаларига кўра, Суперлига каби клублараро янги футбол лойиҳалари энг аввало бу икки ташкилот томонидан маъқулланиши белгиланган. Бу Европа Иттифоқи қонунчилигига зиддир. Клублар ва футболчиларни бошқа мусобақаларда ўйнашни тақиқлаш ноқонуний ҳисобланади. ФИФА ва УЕФА ваколатини суиистеъмол қилмоқда», – дейилади қарорда.

Шу билан бирга, суд ФИФА ва УЕФАнинг трансляция ҳуқуқларидан фойдаланишга оид қоидалари Европа клублари, медиа бозорда фаолият юритувчи барча компаниялар, қолаверса истеъмолчилар ва телетомошабинлар ҳуқуқларини поймол этилиши, бу истеъмолчиларнинг қизиқарли мусобақалардан баҳраманд бўлишига тўсқинлик қилиниши деб топган.

Маълумот учун, ҳозирги кунга қадар фақатгина «Реал» ва «Барселона» Суперлига лойиҳасининг асосий ташкилотчилари сифатида турнирни ташкил этиш фикридан қайтмаган. Бунгача Европанинг бир қатор топ-клублари УЕФА ва маҳаллий федерацияларнинг тазйиқи остида турнирни тарк этганди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.