Халқимизда «қадди қомати – ғоздек» деган нақл бежиз ишлатилмайди. Албатта, одамнинг кўрки - гавдани тик тутиши ва тўғри юришидир. Бу жараёнда тана оғирлиги умуртқа поғонасидан оёқларга ўтказилади. Ўз навбатида ушбу ҳолатда умуртқа поғонаси муҳим роль ўйнайди. Сиз умуртқа поғонамиз қандай тузилишга эга ва қандай функциялар бажариши ҳақида ўйлаб кўрганмисиз?

Умуртқа поғонаси – одам скелетининг асосий қисми. Умуртқа поғонаси орқа мияни ҳам таъсирлардан ҳимоя қилади. Умуртқа поғонаси аҳамиятига кўра қатор қисмларга бўлинади. Одамнинг умуртқа поғонаси бўйин, кўкрак, бел, думғаза ва дум суяклари умуртқаларнинг устма–уст қўшилувидан ташкил топади. Умуртқа поғонаси шу умуртқа таналарининг орасида жойлашган тоғай дисклар ҳисобига узаяди.

Умуртқалар бир бирига уланиб бориши натижасида умуртқа канали ҳосил бўлиб, унда орқа мия ётади. Одам умуртқа поғонаси кишининг тик юришига мослашган бўлиб, пастга қараб кенгайиб боради. Умуртқа поғонасининг бўйин, бел, кўкрак ва думғаза қисмларида физиологик букилмалар бор. Бўйин ва бел қисмидаги букилмалар лордоз (физиологик лордоз), кўкрак ва думғаза қисмидаги букилмалар кифоз (физиологик кифоз) деб аталади. Бўйин ва бел қисмлари олдинга, кўкрак ва думғаза қисмлари орқага қараб букилган бўлади.

Бу букилмалар бола бошини мустақил кўтариб туриши, ўтира бошлаши ва тик юришидан бошлаб шаклланади. Умуртқа поғонасининг бўйин ва бел қисми кўп, кўкрак қисми кам ҳаракатланади. Кишининг қадди-қомати умуртқа поғонаси бойламлари, мускулларининг ҳолатига боғлиқ. Умуртқа поғонаси умуртқа каналида ётган орқа мияни эзилишдан, чўзилишдан сақлайди, гавдани тик тутади, кўкрак, қорин ва чаноқ бўшлиқларини ҳосил қилиш ва бошқаларда иштирок этади.

Қадди-қоматнинг ўзгариши ва умуртқа поғонаси касалликлари – умуртқанинг силжиши, диск протрузияси, умуртқалар аро чурра – етарлича кўп учрайдиган, лекин даволаса бўладиган хасталиклардир. Умуртқа – инсон танасини ушлаб турадиган асосдир. Аммо, у худди пружинадек жуда харакатчан, бу эса бизга фаол ҳаракатланиш, тана вазиятини ўзгартириш каби имкониятларни беради.

Умуртқа поғонаси фаолиятининг бузилиши (масалан, кад-коматнинг ўзгариши, умуртқаларнинг силжиши) умуртқалар аро чурра, остеохондроз, радикулит каби жиддий касалликларга сабаб бўлиши мумкин. Умуртқа поғонаси турли ҳил йўналишларда ҳаракатланиши мумкин. Шу ҳаракатланиш қийинлашса, умуртқанинг турли ҳил касалликлари келиб чикади. Буларни олдини олиш мумкин. Кад-қоматингиздаги ўзгаришларга йўл қўймай, вақтида умуртқадаги оғриққа эътиборлироқ бўлиб, жисмоний фаол ва соғлом ҳаёт тарзи кечиришга одатланинг. Шу сабабли бу касалликларни олдини олиш учун умуртқа мушаклари ва бойламларини жисмоний машқлар билан қувватлантириш лозим.

Шу сабабли биз умуртқа поғонамизнинг тузилишидан келиб чиққан ҳолда, доимо жисмоний ҳаракатда бўлишимиз, оғир юк кўтармаслик, нотўғри ҳаракат қилмаслик ва турли инфекцион касалликлардан сақланишимиз даркор.
 
ТошПТИ  одам анатомияси кафедраси ассистенти Иброхимова  Л. И.
ТошПТИ талабаси З.Нажимова

 
 фото: femaleage.ru