Қўйлиқдаги улгуржи савдо маркази бошқа жойга кўчирилди-ю, “ихтиёрий тугатилди”. Савдогарлар ва бозор жойлашган жой тақдири савол остида қолмоқда (Anhor.uz хронологияси)

Фото: Anhor.uz / Бобур Каримов

5 январь куни Тошкент шаҳар ҳокимлиги телеграмдаги расмий каналида Қўйлиқдаги “Тошкент қишлоқ ҳўжалик маҳсулотлари улгуржи бозори”да қурилиш ва реконструкция ишлари бошланишини маълум қилди. Шу сабабли, бозор вақтинча ёпилди. Ҳокимлик реконструкция даврида бозордаги тадбиркорларга ўз фаолиятини Food city, Tashkent Index ва бошқа савдо мажмуаларда давом эттиришни таклиф қилганди. Anhor.uz интернет нашри орадан бир кун ўтиб, бугун, 6 январь куни бозорга борди. Савдогарлар аллақачон бошқа савдо нуқталарига кўчирилиб бўлинган.

Пойтахт аҳолиси ва меҳмонларига қулай жойлашув нуқтасида бўлган бозорда савдо расталари ва дўконлари бузилиб бўлинганди. Бозорга кираверишда эса “бозор ҳудудида кенг кўламли қурилиш ва реконструкция ишлари олиб борилиши сабабли ўз фаолиятини тўхтатишини маълум қиламиз” ёзуви акс этган ёзув тахталари ўрнатилган. 

“Бу ер яқин орада нима бўлади, бозор қайта тикланадими йўқми, бу ҳақда на бозор ҳудудига, на пойтахт ҳокимлигининг расмий саҳифаларида маълумот берилмаган”, – дея эслатиб ўтгандик

2021 йил 7 декабрда Тошкент ҳокимлигининг телеграмдаги каналида “Пойтахтдаги йўл инфратузилмасини яхшилаш, коммуникация тармоқларини такомиллаштириш ва тирбандликларнинг олдини олиш мақсадида, “Қўйлиқ” деҳқон бозори ва унга туташ бўлган улгуржи савдо майдони жойлашган манзилда йўл кенгайиши ва кўприк қурилиши ишлари режалаштирилган. Шу муносабат билан “Қўйлиқ” деҳқон бозори ва унга туташ улгуржи савдо майдони бошқа манзилга кўчирилади” деган мазмунда хабар берилган эди. Орадан бир оз вақт ўтгач, 2022 йилнинг июнь ойида шаҳарнинг собиқ ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев Тошкент ҳалқа йўлининг кенгайтирилиши сабабли “Қўйлиқ” деҳқон бозори ва “Қўйлиқ” универсал савдо дўкони объектлари жойлашган ер участкаларини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйишга рухсат бериш тўғрисидаги қарорни имзолаганди. Кейинроқ, 2022 йилнинг 24 июнида шаҳар ҳокимлиги “ҳудуди шаҳар эҳтиёжлари учун тортиб олинаётган “Қўйлиқ” бозори бузилмаслигини” маълум қилиб, ҳудуддаги автотураргоҳнинг бир қисми ва вақтинчалик қаторлар йўл ўтказгич қуриш учун ажратилишини билдирганди. Айни пайтдаги манзара эса буларнинг яққол тескарисини кўрсатмоқда. 

Ўша пайтда бозор ҳудудига борганимизда масъуллар билан учрашишнинг имкони бўлмаганди. Бозор бузилаётганлиги сабабли унинг ҳудудига киришда муаммолар бор бўлсада суриштирувни давом эттиргандик. 

Қўйлиқдаги бозордан янги жойга кўчиб ўтиб, фаолиятини бошлашга киришаётган бозор манзарасидан то жойлашиб ўз ишларини тўлиқ бошлаб олгунларига қадар салкам 1 ойдан ортиқ вақт кетганди. Бу орада иккинчи репортажни ҳам тайёрладик. Унда ҳам анча қийинчиликларга учраб, хатто, Food city – Янги Қўйлиқ деҳқон бозори (ҳусусий савдо нуқтаси) қўриқчилари билан муштлашишимизга сал қолганди. Улар эркин фаолият олиб боришимизга жиддий қаршиликлар ҳам қилиб улгиришган, камера обеьктивларини қўллари билан ёпиб, тасвирга олишга йўл қўйишмаганди. 

Ўшанда, Қўйлиқдан ушбу ҳудудга кўчиб ўтган сотувчилар бу ерда қандай шартлар асосида фаолият олиб боришлари борасида ҳам аниқ маълумотга эга эмасликларини. Савдогарларнинг сўзларига кўра кўчиш бўйича 1-2 кун аввал огоҳлантириш беришгани айтилганди. Пойтахт ҳокимлиги билан боғланишнинг иложи бўлмай, таҳририятимиз ахборот олиш мақсадида Тошкент шаҳар ҳокимлигига “Ахборот сўрови” юборган. Мана орадан 2 ойу 15 кун ўтибди-ки ҳокимликдан на жавоб хати олдик, на расмий муносабат берилди.

Бугун тарқалаётган хабарларда эса, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигидан 22.07.1999 йилда 1226-рақам билан рўйхатдан ўтказилган, Тошкент шаҳри, Бектемир тумани, Тошкент автомобил халқа йўли манзилида жойлашган (ИНН: 202966895) “Toshkent qishloq xo’jalik mahsulotlari ulgurji bozori” АЖ 2024 йил 29 февралдан жамият акциядорларининг 2024 йил 29 февралдаги навбатдан ташқари умумий йиғилиши қарорига кўра ихтиёрий тугатилмоқда.

Тугатилаётган “Тошкент қишлоқ хўжалик маҳсулотлари улгуржи бозори” АЖ бўйича мурожаатлар тугатиш тўғрисидаги эълон чиққан пайтдан эътиборан икки ой давомида Тошкент шаҳри, Бектемир тумани, Тошкент автомобил халқа йўли (Тошкент қишлоқ хўжалик маҳсулотлари улгуржи бозори маъмурияти) манзилида қабул қилинади”, – дейилган.

Демак, бундан кўринадики, бозор катта эҳтимол билан ўз ўрнига қайтмайди. 

Навбатдаги, иккинчи репортажимизда “Собиқ бозор ҳудудида тирикчилик ўтказиб, айни пайтда ўз фаолиятини давом эттиришга имконини йўқотган одамлар”, ҳақида сўзлагандик

Уларнинг кайфияти, яшаш шароити бизларни қизиқтириши даркорлиги тўғрисида фикрлар юритилганди. 

Уларнинг бири фарзандлари учун нон топай, уй қилай деяётган аёл бўлса, яна бири сурункали касалликларга чалинган, уйсиз, турмуш ўртоғи қамоқда бўлган инсон – ҳаммаси жамиятимизнинг аъзолари эканини таъкидлагандик. Бугунги хабарлардан кейин ҳам уларнинг тақдири мутасаддиларни қизиқтирмаса, уларга нима бўлади?

Аёллардан бири бозор ҳудудида фаолият кўрсатишга ҳеч бир имконият қолмагани, тирикчилиги ўтиши учун ушбу бозорда, иссиқ чой, кофе ва ширинликлар сотувчиси бўлганини бот-бот таркорлаганди. Унинг фиғони фалак эди, энди ундан ҳам ёмон бўлади. 

Буларнинг ҳаммаси аҳоли билан тушунтириш ишлари, уларнинг муаммоларини ҳал қилиш қўл учида қилинаётганидан далолат бўлса керак. Бу кетишда уларнинг мурожаатлари жавобсиз қолишидан ҳавотирда эдик. Бироқ, мана икки ойга яқин вақт ўтиб ҳам уларнинг мурожаати, масаласи ижобий ҳал бўлмай қолди.

Реконструкция ва бузиш ишлари давом этаётган бозор тўсатдан “Ихтиёрий тугатилиши” қизиқ. Аммо бу реконструкциями, йўқми, ҳалигача на савдогарлар, на фуқаролар учун сир бўлиб қолмоқда. Ҳокимлик ва мутасаддилар саволларимизга ҳам, аҳолига ҳам лом-лум дейишгани йўқ. 

Таҳририятимиз, Тошкент шаҳар ҳокимлигига 9 январь санасида юборган сўровига жавоб кутиб қолади. 

Саволларни қуйида, ҳокимликка “Очиқ мурожаат” сифатида қолдирамиз.

Эслатиб ўтамиз, “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 19-моддасига мувофиқ, оммавий ахборот воситасининг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисида ахборот олишга доир, шунингдек мансабдор шахсларнинг интервюсини ташкил этиш тўғрисидаги сўрови кўпи билан 7 (етти) кунлик муддатда кўриб чиқилиши белгилаб қўйилган.

  1. “Тошкент қишлоқ ҳўжалик маҳсулотлари улгуржи бозори” кўчирилиши ёки бузилиши борасида ҳал қилувчи якуний қарор ҳокимият томонидан қачон чиқарилган ва қандай муддатда Қўйлиқ бозорида фаолият олиб бораётган тадбиркорларга етказилган?
  2. Айни пайтда Қўйлиқ бозоридаги қурилиш ва реконструкция ишлари қайси ҳужжат асосида амалга оширилмоқда ва бозорнинг қурилиш ва реконструкция лойиҳаси тадбиркорлар билан муҳокама қилинганми?
  3. Бозорда фаолият олиб бораётган тадбиркорлар қачон расмий тарзда, ёзма равишда огоҳлантирилган?
  4. Қўйлиқ “Тошкент қишлоқ ҳўжалик маҳсулотлари улгуржи бозори”даги реконструкция ва қурилиш ишлари қачон якунланади?
  5. “Тошкент қишлоқ ҳўжалик маҳсулотлари улгуржи бозори” қайси маблағлар ҳисобидан реконструкция қилиняпти?
  6. Бозордан кўчирилган тадбиркорларга уларнинг илгариги жойларини қайтариб олиш шартлари олдиндан белгиланиб, табиркорларга етказилганми?
  7. Реконструкциядан кейин “Тошкент қишлоқ ҳўжалик маҳсулотлари улгуржи бозори”даги жойлар қандай ва кимларнинг орасида тақсимланади?
  8. “Тошкент қишлоқ ҳўжалик маҳсулотлари улгуржи бозори” қурилиш ва монтаж ишларини амалга ошириш учун қурилиш ташкилотлари орасида қачон тендер ўтказилган ва унда ким ғолиб деб топилгани ҳақида шаҳар ҳокимияти қачон ва қаерда эълон қилган?

Юқоридагилардан келиб чиқган ҳолда, амалга оширилган тўғридан-тўғри шартномага ҳуқуқий баҳо беришингизни сўраймиз.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.