,

АҚШ Вакиллар палатаси республикачиларнинг Украинани ўз ичига олмайдиган, Исроилга кўмак ҳақидаги қонун лойиҳасини рад этди

Фото: EPA

AҚШ Конгресси Вакиллар палатаси республикачилар томонидан тайёрланган, Исроилга 17,6 миллиард доллар ёрдам пули ажратиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини рад этди, деб ёзади Meduza.

AҚШ Демократик партияси вакиллари томонидан бўлган қаршиликлар туфайли қонун лойиҳаси қабул қилинмади. Улар Исроилга ёрдам Украинага кўмак ва AҚШ жанубий чегаралари хавфсизлигига маблағларни ҳам ўз ичига олувчи каттароқ чора-тадбирлар пакетига киритилишини талаб қилмоқда.

Аввалроқ АҚШ президенти Жо Байден Исроилга ёрдам кўрсатиш учун маблағ ажратиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси Украинани молиялаштиришни ўз ичига олмаса, унга вето қўйиши ҳақида огоҳлантирган эди. Оқ уй эса қонун лойиҳасини миллий хавфсизликнинг энг долзарб муаммоларини ҳал қилмайдиган “бемаъни сиёсий манёвр” деб атаганди.

5 февраль куни АҚШ Конгресси Сенати иккита партиянинг қўшимча молиялаштириш тўғрисидаги қонун лойиҳасини эълон қилганди. У Украина ва Исроилга кўмак учун ҳамда АҚШ жанубий чегарасини мустаҳкамлашга маблағлар ажратилишини бирлаштиради. Умумий сумма — 118 миллиард доллар.

Жо Байден Конгрессни саъй-ҳаракатларни бирлаштириб, зудлик билан ушбу битимни қабул қилишга чақирди. У 2023 йил кузидаёқ Конгрессга 106 миллиард долларлик қўшимча молиялаштириш тўғрисидаги қонун лойиҳасини таклиф этганди. Пакет Украина, Исроил, Тайванга ёрдамни, шунингдек, жанубий чегарани мустаҳкамлашга маблағларни ўз ичига олганди. Ҳужжат бўйича Конгрессда келишувга эришилмади, шу сабабли Вашингтонда Киевга ёрдам бериш учун маблағлар қолмади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.