Эрон Исроилнинг ҳужумига бир неча сонияда жавоб қайтаришга ваъда берди
Исроил ҳужум қилган тақдирда, Эрон бир неча сония ичида жавоб қайтаради. Бу ҳақда республика ташқи ишлар вазири ўринбосари Али Багирий Қаний маълум қилди, деб ёзади “РБК”.
“Синонистларга энди 12 кун берилмайди ва улар оладиган жавоб кун ва соатлар билан эмас, сониялар билан ўлчанади”, — деди Қаний 14 апрелга ўтар кечаси Теҳрон томонидан Исроилга қилинган ҳужумни изоҳлар экан.
Унинг сўзларига кўра, Исроил томонидан Дамашқдаги Эрон элчихонасига берилган авиазарбага жавобан Эрон томонидан дрон ва ракеталар учирилиши мамлакат учун “ўз манфаатлари ва миллий хавфсизлигини ҳимоялашдан иборат бўлган”. Вазир ўринбосари таъкидлашича, агар Исроил томони дипломатик ваколатхонага ҳужум қилмаганида, зарбалар берилмаган бўларди.
Эслатиб ўтамиз, Исроил Эроннинг ҳужумига жавоб қайтариш вариантлари сифатида Теҳрондаги объектга зарба ёки киберҳужумни кўриб чиқмоқда.
Аввалроқ АҚШ Исроилга Эрон ҳудудига ҳужумда ёрдам бермаслиги маълум бўлган эди. ABC манбаларига кўра, бу ҳақда Пентагон раҳбари Ллойд Остин Исроил мудофаа вазири Йоав Галантга 14 апрель куни шахсий суҳбат чоғида маълум қилган.
14 апрелга ўтар кечаси Эрон юзлаб дронлар ва ракеталар ёрдамида Исроил ҳудудига ҳужум қилди, улар АҚШ ва Буюк Британия кўмагида уриб туширилди. Зарба 1 апрель куни Исроил томонидан Эроннинг Дамашқдаги элчихонасига қилинган ҳужумга жавобан берилди. Шундан кейин Исроил армияси Бош штаби бошлиғи Герци Халеви Исроил Эронга жавоб зарбаси беришини айтди. Аммо 14 ёки 15 апрелга режалаштирилган ҳужум АҚШнинг низо кучайишига йўл қўймаслик ва масалани дипломатик йўл билан ҳал қилиш ҳақидаги даъватлари туфайли бекор қилинди.
Шарҳлар