Аргентина глобал шерик сифатида НАТОга қўшилишни сўради

Luis Petri. Foto: Reuters

Аргентина НАТОга мурожаат қилиб, альянснинг глобал шеригига айланиш истагини билдирди. Бу ҳақда мамлакат мудофаа вазири Луис Петри Брюсселда НАТО бош котиби ўринбосари билан учрашувдан кейин маълум қилди.

“Биз ўз кучларимизни НАТО стандартларига мувофиқ модернизация қилиш ва ўқитиш имконини берувчи алоқаларни тиклаш устида ишлашда давом этамиз”, — дейилади Петрининг баёнотида.

НАТО сайтидаги маълумотларга кўра, шериклик доирасида мамлакатлар ғоялар билан бўлишиши, мудофаа институтларини мустаҳкамлаш борасида консультациялар олиши, ўқув машқларида қатнашиши ва илмий лойиҳалар соҳасида ҳамкорлик қилиши мумкин.

НАТОга 32 та давлат киради. Яна 40 дан ортиқ мамлакат билан альянс шериклик алоқаларини ўрнатган. Улар орасида Арманистон, Грузия, Украина, Исроил ва БАА бор.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.